АҚШда чет эллик талабалар сони 3 йил ичида биринчи марта камайди

АҚШда чет эллик талабалар сони 3 йил ичида биринчи марта камайди

АҚШда хорижий талабалар сони сўнгги уч йил ичида илк бор камайган, жумладан уларнинг магистратура дастурларида пасайиши аниқланган. Бу ҳақда «The Independent» нашри маълум қилди.

 

National Student Clearinghouse Research Center эълон қилган маълумотларга кўра, 2025–2026 ўқув йилининг кузги семестрида АҚШ университетларида хорижий талабалар қабул кўрсаткичи 1,4 фоизга камайган. Бу даврда мамлакат бўйлаб халқаро талабалар сони тахминан 5 минг нафарга қисқарган, деб хабар берган Bloomberg.

 

Энг сезиларли пасайиш магистратура дастурларида кузатилган. Мазкур босқичда таҳсил олаётган хорижий талабалар сони 6 фоизга, яъни қарийб 10 минг нафарга камайган. 2020–2024 йиллар оралиғида эса магистратура дастурларида халқаро талабалар сони кескин ошган.

 

Мутахассисларнинг қайд этишича, АҚШ университетлари сўнгги йилларда хорижий талабаларни жалб қилишга катта эътибор қаратиб келган. Бунга асосий сабаб сифатида халқаро талабалар одатда юқори контракт тўловларини амалга ошириши келтирилади. Халқаро Таълим Институти маълумотига кўра, хорижий талабаларнинг ярмидан кўпи ўқиш харажатларини ота-оналари ёки давлат грантлари ҳисобидан қоплайди.

 

Таҳлилларга кўра, АҚШда виза ва иммиграция сиёсатининг қатъийлашуви, шунингдек, айрим университетларга нисбатан молиявий чекловлар жорий этилиши хорижий талабалар оқимига таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Хусусан, 2025 йилда бир қатор йирик университетларга федерал молиялаштириш вақтинча қисқартирилган ёки музлатилган.

 

Шунингдек, хавфсизлик талаблари доирасида минглаб хорижий талабалар визалари бекор қилинган. Бу ҳолат ҳам қабул кўрсаткичларига таъсир қилган омиллардан бири сифатида баҳоланмоқда.

 

Шу билан бирга, бакалавриат босқичида хорижий талабалар сони ошишда давом этган, бироқ ўсиш суръати аввалги йилларга нисбатан секинлашган. Жорий ўқув йилида бакалавриат талабалари сони 3,2 фоизга кўпайган, бу ўтган йилги 8,4 фоизлик ўсишдан паст.

 

Айрим университетларда эса хорижий талабалар улуши барқарор қолган. Масалан, Ҳарвард университетида 2025 йил кузида халқаро талабалар улуши 28 фоизга етиб, сўнгги йигирма йилдаги энг юқори кўрсаткич қайд этилган.

 

Бошқа олий таълим муассасаларида эса хорижий талабалар сонининг кескин қисқариши кузатилган. Айрим университетлар буни виза билан боғлиқ муаммолар ва халқаро талабалар орасида АҚШда таълим олишга бўлган қизиқишнинг пасайиши билан изоҳлаган.