Австралияда 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлар чеклови: бир ойда нималар ўзгарди?

Австралияда 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлар чеклови: бир ойда нималар ўзгарди?

Хабарингиз бор, Австралия ҳукумати 2025 йил 10 декабрдан бошлаб, ижтимоий тармоқлардан 16 ёшгача бўлган ёшларнинг аккаунт яратишига йўл қўймаслик учун ёшга оид чекловларини жорий этган.

 

Мазкур чекловчи қонун кучга кирганидан атиги бир ой ўтиб, йирик ижтимоий медиа платформалари қарийб 4,7 миллион ўсмир аккаунтини ўчирган ёки фаолиятини чеклаган. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги мамлакат интернет хавфсизлиги регулятори — eSafety маълумотларига таяниб хабар берган.

 

eSafety комиссарлиги маълумотига кўра, платформалар 10 декабрдан кучга кирган қонун ижтимоий тармоқларга фойдаланувчиларнинг ёшини аниқлаш ва 16 ёшгача бўлганларнинг аккаунт очишига йўл қўймаслик мажбуриятини юклайди.

 

Австралия Бош вазири Энтони Албанизи мазкур ташаббусни «дунёда етакчи қонунчилик» деб атаган. Унинг таъкидлашича, Австралия тажрибаси ҳозирда бошқа давлатлар томонидан ҳам диққат билан кузатилмоқда. Хусусан, Франция, Малайзия ва Индонезия шунга ўхшаш чекловларни жорий этиш ниятини билдирган.

 

Ёшга доир ижтимоий тармоқларни чеклаш натижалари қонун қабул қилинишидан олдин билдирилган тахминлардан анча юқори бўлиб, аҳолига оид маълумотларга кўра, 10–16 ёшдаги ҳар бир австралияликка ўртача икки тадан ортиқ аккаунт тўғри келгани аниқланган.

 

Мутахассислар ушбу қарорни таълим тизими нуқтаи назаридан ҳам муҳим деб баҳолаган. Чунки ижтимоий тармоқлардан назоратсиз фойдаланиш ўқувчиларнинг ўқишга эътибори, вақтни бошқариш кўникмалари ва руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Ёш чеклови эса болаларни ўқиш, жонли мулоқот ва ривожлантирувчи фаолиятларга кўпроқ эътибор қаратишга ундаши кутилмоқда.

 

Шунингдек, ижтимоий тармоқлар болалар ва ёшларни бир қатор эҳтимолий хавфларга дучор қилади. Жумладан, кибербуллинг, зарарли контент ва онлайн фирибгарликлар билан боғлиқ таҳдидлар мавжуд. Тармоқларга киришни чеклаш эса болаларнинг руҳий ва ҳиссий фаровонлигини ҳимоя қилишга ёрдам беради.

 

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ижтимоий тармоқлардан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш мия ривожланишига, уйқу сифатига ва ўқиш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

 

Тақиқ танқидчилари уни амалда ижро этиш қийин бўлишини айтган. eSafety комиссари Жулиэ Инман Грант айрим 16 ёшгача бўлган аккаунтлар ҳали ҳам фаол эканини айтиб, тўлиқ хулоса чиқаришга эрта эканини билдирган. Унинг таъкидлашича, ҳар қандай хавфсизлик қонунининг самараси барча қоидабузарликларни йўқ қилишда эмас, балки умумий хавфни камайтиришда намоён бўлади.