Самарқанд шаҳридаги 1-мактаб директори фаолияти бўйича мурожаатларга расмий изоҳ берилди

Самарқанд шаҳридаги 1-мактаб директори фаолияти бўйича мурожаатларга расмий изоҳ берилди

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги 1-умумтаълим мактаби директори фаолияти юзасидан айрим ота-оналар томонидан билдирилган норозилик мурожаатлари билдирилган хабарлар тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан вилоят ММТБ томонидан расмий муносабат билдирилди.

 

Унга кўра, вазият Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилган.

 

Мурожаатда мактаб директори томонидан рус тилида таълим олиб борилаётган синфлар қисқартирилаётгани ҳақида билдирилган даъволар асоссиз экани аниқланган. Хусусан, Самарқанд шаҳридаги 1-умумтаълим мактабида жами 73 та синф мавжуд бўлиб, уларда 2581 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Мазкур синфларнинг 41 тасида таълим жараёни рус тилида олиб борилмоқда.

 

Шунингдек, ўрганишлар давомида рус синфларга дарс бераётган ўқитувчилар ишдан бўшатилгани ҳақидаги хабарлар ҳам ўз тасдиғини топмаган.

 

Facebook ижтимоий тармоғида рус тилида таълим олиб бориладиган бошланғич синфларга дарс берган ўқитувчи Д.В.ни ишга қайтариш бўйича мурожаат қолдирилган. Ўрганишлар натижасида аниқланишича, ўқитувчи Д.В. 2025 йил август ойида ўз аризасига кўра, ишдан бўшаган ва бошқа ишга ўтган. Жорий ўқув йили бошидан эса 3-«Г» синфда (аввал Д.В. дарс берган синфда) 35 йиллик меҳнат стажига эга олий тоифали бошланғич синф ўқитувчиси М.А. ҳамда биринчи тоифали бошланғич синф ўқитувчиси Г.С. дарс ўтиб келмоқда.

 

Бундан ташқари, мурожаатда суд орқали ишга тикланган мутахассис тоифадаги математика фани ўқитувчиси О.С. масаласи ҳам кўтарилган. Ўрганишлар давомида ушбу ўқитувчи 2025 йил 5 сентябрь санаси билан ишга қайта тиклангани, унга 10 соат дарс юкламаси белгиланганига қарамасдан, мактабга ишга келмаётгани аниқланган.

 

«Мурожаатда ёш ўқитувчиларни ишга жалб этиш масаласи ҳам тилга олинган. Маълум бўлишича, мактабда рус тилида таълим олиб бориладиган юқори синфлардаги мавжуд вакант лавозимларга Самарқанд давлат университети ҳамда Самарқанд педагогика институтининг рус гуруҳларида таҳсил олаётган 3–4-курс талабалари билан белгиланган тартибда меҳнат шартномалари тузилиб, улар таълим жараёнига жалб этилган» — дейилади хабарда.