Бугун ижтимоий тармоқларда «Қорақалпоғистонда ўқитувчилар аҳолини рўйхатга олиш ишларига мажбурий жалб қилинаётган бўлиши мумкин» мазмунидаги хабарлар тарқалди.
Ушбу ҳолат юзасидан ММТВ томонидан расмий муносабат билдирилди.
Унга кўра, вазият Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан назоратга олиниб, ўрганиб чиқилган.
Ўрганиш жараёнида Беруний туманидаги 55-сонли умумий ўрта таълим мактабида жами 76 нафар ишчи-ходим фаолият юритаётгани, мактаб жамоаси тўлиқ рўйхатдан ўтказилгани, ўқувчиларнинг ота-оналарини рўйхатга олиш бўйича ўқитувчиларга ҳеч қандай топшириқ берилмагани, шунингдек, педагог ходимлар мажбурий қўшимча ишларга жалб этилмагани маълум бўлган.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тўғрисида»ги ПФ-173-сонли Фармонига мувофиқ, 2026 йилнинг 15 январидан 28 февралигача мамлакатимизда «Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш» тадбирларини ўтказиш режалаштирилган бўлиб, ушбу рўйхатга олиш ишлари маҳалла еттилиги томонидан амалга оширилиши белгиланган.
«Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги таълим муассасаларида педагог ходимларни ўзларига тегишли бўлмаган ишларга мажбурий жалб этишга йўл қўйилмаслигини яна бир бор эслатади» — дейилади хабарда.
