Жанубий Корея бўйлаб ўқувчилар етишмаслиги сабабли 4 мингдан ортиқ мактаб фаолиятини тўхтатди. Бу ҳақда 2025 йил 28 декабрь куни ўтказилган йиғилишда Корея Демократик партияси аъзоси депутат Жин Сун Ми Таълим вазирлигидан олинган маълумотларга таяниб маълум қилди.
Маълум қилинишича, ҳозирга қадар жами 4 008 та мактаб ёпилган. Мазкур мактабларнинг асосий қисмини бошланғич мактаблар ташкил этади — 3 674 та. Шунингдек, 264 та ўрта мактаб ва 70 та юқори синф (катта мактаб) фаолиятини тўхтатган.
Сўнгги беш йил ичида 158 та мактаб ёпилган бўлса, келгуси беш йил давомида яна 107 та мактаб ёпилиши кутилмоқда.
Таъкидланишича, ҳудудлар кесимида энг кўп ёпилишлар Шимолий Чолла провинциясида — 16 та, ундан кейин Жанубий Чолла — 15 та, Кёнгги провинцияси — 12 та ва Жанубий Чунгчеонг провинцияси — 11 та қайд этилиши прогноз қилинмоқда.
Шунингдек, ёпилган 4 008 та мактабдан 376 таси ҳозиргача фойдаланилмаяпти. Уларнинг 266 таси 10 йилдан ортиқ, 82 таси эса 30 йилдан зиёд вақт давомида бутунлай ташлаб қўйилган.
Депутат Жин Сун Мининг таъкидлашича:
«Мактабларнинг сезиларли қисми аллақачон ёпилган ва ўқувчилар сони камайиб бораётгани сабабли яна кўплаб мактаблар ёпилиши кутилмоқда. Ушбу мактаблардан маҳаллий жамоалар учун фойдали актив сифатида фойдаланиш бўйича узоқ муддатли йўл харитаси зарур.»
Таълим вазирлигининг 2025 йил февраль ойида эълон қилган маълумотларига кўра, 2025-ўқув йили учун педагогик лавозимлар сони 2 232 тага қисқартирилган. Жумладан, бошланғич синф ўқитувчилари сони 1 289 тага, ўрта мактаб ўқитувчилари лавозимлари эса 1 700 тага камайган.
