Кимлар мактаб ассистент-ўқитувчиси лавозимига даъвогар бўла олади?

Кимлар мактаб ассистент-ўқитувчиси лавозимига даъвогар бўла олади?

Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2026 йил 13 январдаги 9-сон буйруғи билан Умумий ўрта таълим мактаби (мактаб-интернат) ходимлари асосий лавозимларининг малака тавсифлари тасдиқланди.

 

Умумий ўрта таълим мактаби ёрдамчи ходим (ассистент-ўқитувчи) лавозими учун қўйиладиган малака тавсифлари:

 

Маълумот: Ўрта-махсус ёки Олий маълумотли педагогика соҳасида дипломга эга бўлиши (магистратура, илмий даражага эгалик афзаллик беради).

 

Мутахассислик: Алоҳида таълим эҳтиёжи бўлган ушбу турдаги болалар билан ишлаш учун махсус таълим ёки сертификатга эга бўлган, психология, педагогика ёки махсус таълим соҳасида ўрта-махсус ёки олий маълумотли.

 

Меҳнат стажи: Меҳнат стажи талаб этилмайди.

 

Компьютер саводхонлиги: Microsoft Office дастури (Word, Excel, Power Point ва ҳ.к), сунъий интеллект, замонавий ахборот технологияларида ва интернет тармоғида мустақил фойдаланувчи сифатида турли иш дастурлари билан ишлаш бўйича етарли кўникмага эга бўлиши.

 

Қўшимча талаблар: Мактабгача ва мактаб таълими соҳасига оид қонунчилик ҳамда идоравий ва ички локал ҳужжатлардан, шунингдек, таълим стандартларидан хабардор бўлиши;

 

– кўриш, тутқаноқ ҳолати ва таянч-ҳаракатида (мустақил юра олмайдиган) нуқсони бор ўқувчилар билан ишлаш кўникмасига эга бўлиши;

 

– Давлат тилини билиш (рус, инглиз ва бошқа чет тилларини билиш афзаллик ҳисобланади);

 

– махсус ва ёш даврлар педагогикаси ҳамда психологиясини билиши лозим;

 

– алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган ўқувчиларга таълим жараёнида ёрдам кўрсатиш;

 

– дарс давомида ўқувчининг хулқи, фаоллиги ва ўзлаштиришини қўллаб- қувватлаш;

 

– ўқув материалларини ўқувчи имкониятига мослаштириб тушунтириш;

 

– хавфсизлик қоидаларига риоя этиш ва ўқувчини кузатиб бориш; меҳрибон, сабр-тоқатли ва масъулиятли бўлиш;

 

– юқори даражадаги эмпатия ва мулоқот маданиятига эга бўлиш; стрессга чидамли, вазиятни тўғри баҳолай олиш;

 

– болалар, ота-оналар ва педагоглар жамоаси билан ҳамкорликда ишлай олиш;

 

– инклюзив таълим тамойиллари ва болалар ҳуқуқларига риоя қилиш;

 

– хизмат мажбуриятлари доирасида махфийликни сақлаш;

 

– ўқув қуроллари ва техник воситалардан фойдаланиш;

 

– дарсдан ташқари вақтларда ўқувчига ижтимоий мослашувда ёрдам бериш;

 

– зарур ҳолларда соғлиқ ва хавфсизлик бўйича биринчи ёрдам кўрсатиш асосларини билиши лозим.