Президентнинг 2026 йил 15 январда «Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–9-сон қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида Китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади унинг васийлик кенгаши таркиби тасдиқланди.
Жамғарма маблағлари қуйидаги тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилиши белгиланди:
– танлов орқали ёш ёзувчилар учун грантлар ажратиш ва асарларини нашр этиш, болалар адабиёти йўналишидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш;
– танлов орқали истеъдодли муаллифларни аниқлаш ва уларга ижод қилиш учун шароит яратиш мақсадида 1 йилгача БҲМнинг 50 баравари миқдорида ҳар ой ҳақ тўлаш;
– энг сара хорижий адабиётларни ўзбек тилига ва миллий адабиётларни хорижий тилларга таржима қилишда нашрга тайёрлаш ва чоп этиш харажатларининг 50 фоизи ҳамда муаллифлик ҳуқуқи учун харажатларнинг 80 фоизини қоплаш;
– васийлик кенгаши аъзоларига ҳар чоракда БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда мукофот тўлаш.
2026 йил 1 февралдан:
- аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш бўйича «Китоб – маърифат манбаи» дастури амалга оширилади;
- давлат органларининг китоб ва китобхонлик ҳақидаги рекламалари ижтимоий ахборот (реклама) сифатида тан олинади;
- транспортларида (автобус, метро, самолёт, поездлар) симсиз ёки мобил интернет тармоғи орқали «Мутолаа» платформасидан фойдаланиш имкониятлари яратилади, қулайлик учун QR кодлар ўрнатилади.
Умумтаълим муассасаларида «Жадидлар изидан» китобхонлик клублари ташкил этилади:
– клуб аъзолари ўртасида китоб таҳлилига бағишланган дебатлар ўтказилади;
– мактабларда клуб аъзоларига йилига камида 20 та китоб ўқитиб борилади;
– ҳар чоракда туман(шаҳар) кесимида энг фаол «Жадидлар изидан» китобхонлик клублари аъзолари рағбатлантирилади.
Маълумот учун, Қарорни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад 2026 – 2030 йилларда аҳолининг китобхонлик даражаси (1 одам ўқийдиган китоб сони)ни йилига ўртача 10 та китобга етказиш этиб белгиланди.
