Грант — бу давлат, университет ёки бошқа ташкилотлар томонидан ўқиш харажатларининг маълум бир қисмини ёки бутунлай қоплаш учун бериладиган пул маблағи ҳисобланади. Грант ютиш имкониятларини максимал даражада ошириш учун грант турларини тушуниш жуда муҳимдир. Грантлар асосан нима учун берилишига қараб иккита турга бўлинади:
– Қобилиятга асосланган (merit-based) грантлар;
– Эҳтиёжга асосланган (need-based) грантлар.
Ушбу мақолада биз қобилиятга ва эҳтиёжга асосланган грантлар, уларга мисоллар ва улар ўртасидаги асосий фарқни кўриб чиқамиз.
Қобилиятга асосланган грант
Қобилиятга асосланган грантининг асосий талаблари:
1.Академик ютуқлар:
– Мактаб, коллеж ёки университетда олинган баҳолар (GPА);
– Илмий мукофатлар;
– SАТ, GRE ёки GMАТ каби стандартлаштирилган тестлар (соҳа учун зарур бўлса);
– Тил сертификатлари;
– Соҳага доир мақолалар, илмий ишлар.
2. Иш тажрибаси:
– Асосан магистратура ва аспирантура учун сўралади.
3. Волонтёрлик ишлари:
– Соҳа ривожи учун амалга оширилган ижтимоий ишлар.
4. Спортдаги ютуқлар:
– Спорт мусобақалари, олимпиадалардаги юқори ўринлар.
Қобилиятга асосланган грантлар одатда ютуқлар асосида берилсада, баъзи ҳолатларда молиявий эҳтиёж ҳам ҳисобга олинади.
Қобилиятга асосланган грантлар нотижорат ташкилотлари, хусусий корхоналар, коллеж, университетлар ёки ҳукумат томонидан молиялаштирилиши мумкин.
Кўплаб коллеж ва университетларда қобилиятга асосланган грантлар ажратилади, аммо баъзилари, шу жумладан Ivy League мактаблари таркибига кирувчи университетларда бу грант тури мавжуд эмас. Ivy League мактаблари университетларида қобилиятга асосланган грантлар берилмаса ҳам, улар энг кучли молиявий ёрдам дастурларига эга ҳисобланади.
Қобилиятга асосланган грантларга мисоллар
– Fulbrayt чет эллик талабалар дастури: АҚШ Давлат департаменти томонидан молиялаштириладиган ушбу нуфузли дастур АҚШ университетлари ва таълим муассасаларида магистратурада ўқиш ва тадқиқот олиб бориш учун грантлар тақдим этади. Ғолиблар академик кўрсаткичлар, етакчилик салоҳияти ва бошқа ютуқлар асосида аниқланади.
– Chevening грантлари: Ушбу грант дастури Буюк Британия ҳукумати томонидан молиялаштирилади ва хорижий талабаларга Буюк Британиядаги университетларда магистратура ва аспирантурада ўқиши учун берилади. Академик ютуқлар, етакчилик салоҳияти ушбу грант ғолибларини белгиловчи омиллардан ҳисобланади.
– Geyts Kembrij грантлари: Ушбу грант Буюк Британиялик бўлмаган иқтидорли талабаларга Кембриж университетида магистратура ва аспирантурада ўқиш учун берилади. Грант эгалари интеллектуал қобилият, етакчилик салоҳияти ва бошқа ютуқлар асосида танланади.
Эҳтиёжга асосланган грантлар
Эҳтиёжга асосланган грантлар учун асосий талаблар қуйидагилардан иборат:
- Молиявий муҳтожлик: Бунда талабалар ўқиш харажатларини тўлаш учун молиявий ёрдамга муҳтож эканликларини исботлашлари керак.
- Оилавий даромад: Оилавий даромад талаба молиявий ёрдамга муҳтожлигини тасдиқлаш учун тақдим этилади.
- Номзод яшайдиган мамлакатнинг иқтисодий ҳолати: Кўп ҳолларда бу грант тури ривожланаётган ёки ривожланмаган давлатлардан келган талабларга берилади.
Молиявий эҳтиёж асосий саралаш омили ҳисоблансада, кўп ҳолларда талабаларга грант беришда қўшимча омиллар, жумладан, академик, бадиий ёки спортдаги ютуқлари ҳам ҳисобга олинади.
Эҳтиёжга асосланган грантларга мисоллар
– АҚШ Таълим Имконияти Фондлари: Фонддаги маблағлар АҚШ Давлат департаменти томонидан ажратилади. Ушбу фонд ва ҳамкор ташкилотлар томонидан бериладиган грантлар дунё бўйлаб кам таъминланган жамиятлардаги иқтидорли талабаларга аккредитациядан ўтган АҚШ таълим муассасаларида бакалавриат дастурларини ўқиш имкониятини беради. Ўзбекистонлик талабалар ҳам ушбу грантларни ютиб олиш имкониятига эгалар.
– Оға Хон жамғармаси халқаро грант дастури: Ушбу жамғармада муносиблик грантлари билан биргаликда эҳтиёжга асосланган грант турларини мавжуд бўлиб, ривожланаётган мамлакатларнинг иқтидорли талабаларига бутун дунё университетларида магистратура ҳамда аспирантурада ўқиш учун грантлар тақдим этади.
– Шотландия Ҳукуматининг Салтире грантлари: Ушбу грантлар Шотландияда магистратура ва аспирантурада ўқишни давом эттириш учун муайян мамлакатлар талабаларига берилади. Бу мамлакатлар рўйхатидан Ўзбекистон ҳам жой олган. Грантлар орасида муносиблик грантлари билан биргаликда эҳтиёжга асосланган грант турлари ҳам мавжуд.
Қобилиятга асосланган ва эҳтиёжга асосланган грантлар ўртасидаги фарқ
Юқорида таъкидланганидек, ушбу грантлар ўртасидаги фарқ шундаки, қобилиятга асосланган грантлар ютуқларга асосланса, эҳтиёжга асосланган грантларда талабанинг оилавий даромади ва молиявий аҳволи инобатга олинади. Шунингдек, эҳтиёжга асосланган грантлар ҳам академик ютуқларини ҳисобга олиши мумкин.
Талабалар бир вақтнинг ўзида иккала грантга ҳам ҳужжат топшириш имкониятига эга. Топшириш мумкин бўлган грантлар сонига чеклов йўқ. Аммо грантга ҳужжат топширишдан олдин грантнинг мувофиқлик талабларини текшириб, кейин ҳаракат бошлаш маъқул.
Халқаро талабалар учун муносиблик ва эҳтиёжга асосланган грантлар
Халқаро талабалар учун ҳам қобилиятга асосланган ва эҳтиёжга асосланган кўплаб грантлар мавжуд.
Fulbrayt комиссиясининг маълумотларига кўра 600 дан ортиқ Америка университетлари халқаро талабаларга $20,000 ёки ундан кўпроқ миқдорда грант ажратади. Бунга халқаро талабаларга грантлар таклиф қиладиган NYU Wagner ташкилотини мисол қилиб келтириш мумкин. Dyuk университети ва Шимолий Каролина Чапел Хилл университетида тақдим этиладиган Robertson грант дастури етакчилик қобилиятини намойиш этган талабалар, шу жумладан халқаро талабалар учун ҳам берилади.
