1-савол: Мен ариза топширган эдим, аммо аризам рад этилди. Бунинг сабаби нимада?
Жавоб: Аризанинг рад этилиш сабаби ҳар бир аризанинг изоҳ (комментария) қисмида кўрсатилган бўлади.
2-савол: Ариза топширганимга 5 кун бўлди, аммо ҳолати ҳануз «Янги» деб кўрсатилмоқда. Кимга мурожаат қилишим керак?
Жавоб: Амалдаги тартибга мувофиқ, аризалар 15 иш куни ичида кўриб чиқилади. Агар қўшимча ўрганиш талаб этилса, кўриб чиқиш муддати 45 кунгача узайтирилиши мумкин.
3-савол: Аризам бўйича «Тасдиқнома» олдим, ҳолати «Тайёрланди» деб турибди. Бироқ бугун банкка борсам, маблағ берилмади. Ким биз ёшларга йўл-йўриқ беради?
Жавоб: Амалдаги тартибга асосан, «Тасдиқнома» берилган санадан бошлаб 15 кун ичида маблағлар молиялаштирилади.
Масалан, агар аризачи 18-сентябрь куни тасдиқнома олган бўлса, у 30-сентябрдан кейин ҳисоб рақамда маблағ мавжуд бўлган тақдирда ўз маблағини «Хазна» мобил иловаси орқали олиши мумкин.
Агар маблағлар ҳали мавжуд бўлмаса, иловада «Хизмат вақтинчалик мавжуд эмас» деган хабарнома чиқади.
4-савол: «Хазна» мобил иловасидан қандай рўйхатдан ўтилади? Рўйхатдан ўта олмаяпман. Ёрдам беринг.
Жавоб: «Хазна» мобил иловаси бўйича тўлиқ маълумотни 1106 қисқа рақами орқали олишингиз мумкин.
5-савол: Аризам жараёнда бўлиб, охирги босқичда «Банк хулосаси» деб кўрсатилмоқда. Нега аризам кўриб чиқилмаяпти?
Жавоб: Агар ариза ҳолати «Банк хулосаси» босқичида бўлса, демак, ариза Агентлик томонидан тасдиқланган ва маблағлар «Хазна» мобил иловаси орқали қоплаб берилади.
6-савол: Маблағни олиш муддати 180 кун этиб белгиланган дейилган. Ушбу муддат қайси вақт оралиғини ўз ичига олади?
Жавоб: Тасдиқнома берилган санадан бошлаб 180 кун давомида маблағни исталган вақтда олиш мумкин.
7-савол: Компенсация маблағларини Халқ банки бермаяпти, Ёшлар иттифоқи бермаяпти, my.gоv.uz бермаяпти. Унда ким масъул?
Жавоб: Мазкур давлат хизматини кўрсатиш учун Ёшлар ишлари агентлиги масъул ҳисобланади.
Аввалроқ, хорижий тил имтиҳонларидан юқори натижани қўлга киритган ёшларга 111 миллиард сўмдан ортиқ маблағ қайтариб берилгани ҳақида хабар берган эдик.
