B2 сертификатига эга бўлмаган хорижий тил ўқитувчиларига берилган муддат узайтирилди

B2 сертификатига эга бўлмаган хорижий тил ўқитувчиларига берилган муддат узайтирилди

Айни кунларда умумтаълим мактабларининг тегишли тил сертификатига эга бўлмаган хорижий тил фани ўқитувчиларининг кейинги меҳнат фаолиятига доир масала барчанинг диққат марказида турибди. Ҳолат юзасидан ММТВ томонидан расмий баёнот берилди.

 

Хабарингиз бор, Вазирлар Маҳкамасининг 2021-йил 19-майдаги тегишли қарорида умумий ўрта таълим муассасалари хорижий тил ўқитувчиларининг камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши талаби кўрсатиб ўтилган.

 

Дастлаб 2024–2025-ўқув йилига қадар этиб белгиланган ушбу талаб муддати педагоглар ва кенг жамоатчилик вакилларининг мурожаатлари асосида ҳозирга қадар бир неча бор узайтириб келинди.

 

Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг тегишли буйруғи билан, хорижий тил фани ўқитувчиларининг лавозим малака тавсифларига камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши асосий талаб сифатида киритилган.

 

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ушбу педагогларнинг тегишли сертификат имтиҳонларига тайёргарлик кўришларида кўмаклашиш учун жойларда малакали мутахассислар иштирокида бепул (онлайн ва офлайн) ўқув машғулотлари ташкил этилган.

 

Бунинг натижасида 2025-йилнинг сентябрь–декабрь ойлари давомида 5 000 нафардан ортиқ педагоглар тегишли тил сертификатларини қўлга киритиб, ўқувчиларга сифатли таълим бериш билан бирга қўшимча моддий манфаатдорликка эришиб келмоқда (ҳозирга вақтда 39 минг нафардан ортиқ хорижий тил фани ўқитувчилари тегишли тил сертификатларига эга).

 

Вазирлик томонидан ушбу ўқув машғулотлари бундан кейин ҳам давомий ташкил этиб борилади ҳамда B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлмаган педагогларга 2026–2027-ўқув йили бошлангунига қадар имконият берилади.