Замонавий таълим тизимида ўқувчининг фаоллигини таъминлаш, мустақил фикрлашини ривожлантириш ва билимларни реал ҳаётга татбиқ этиш кўникмаларини шакллантириш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Анъанавий ўқитиш жараёнида ўқувчи кўпинча тайёр билимни қабул қилувчи ролида қолиб кетади. Бундай ёндашув эса ўрганилган билимларнинг тез унутилишига ва амалиётда қўлланмаслигига олиб келади. Шу сабабли педагогикада «жонли ўрганиш» ((active learning) тушунчаси кенг қўлланила бошлади.
Жонли ўрганиш жараёнида ўқувчи дарснинг марказий иштирокчисига айланади: у савол беради, тажриба ўтказади, муаммони таҳлил қилади, хулоса чиқаради ва ўз фикрига танқидий ёндашади. Мазкур ёндашув конструктивизм назариясига асосланади. Айнан шу назарий асосда ишлаб чиқилган 5E таълим модели (The 5E Instructional Model) бугунги кунда самарали педагогик модель сифатида эътироф этилмоқда.
5E таълим моделининг назарий асослари
5E таълим модели ХХ асрнинг иккинчи ярмида шаклланган ўрганиш тциклларига бориб тақалади. 1962 йилда америкалик педагог Мйрон Ж. Аткин ва америкалик физик Роберт Карплус томонидан «яхши ўрганиш тцикли» ишлаб чиқилган. Ушбу тцикл тадқиқот олиб бориш, тушунчаларни шакллантириш ва уларни амалиётда қўллаш босқичларини ўз ичига олган.
Мазкур ёндашув асосида ташкил этилган дарслар натижасида ўқувчиларнинг фанларга қизиқиши ортгани, савол бериш фаоллашгани ҳамда танқидий фикрлаш кўникмалари шакллангани аниқланган. Ушбу модель кейинчалик такомиллаштирилиб, беш босқичли тизимга келтирилди ва 1987 йилда Biological Sciences Curriculum Study (BSCS) томонидан расмий таълим модели сифатида тақдим этилди.
5E модели конструктивизм назариясига таянган бўлиб, унга кўра билим тайёр шаклда берилмайди, балки ўқувчи томонидан аввалги тажриба ва билимларга таянган ҳолда мустақил равишда шакллантирилади.
5E таълим моделининг умумий тавсифи
5E модели ўқув жараёнини беш кетма-кет босқич асосида ташкил этишни назарда тутади. Ҳар бир босқич ўқувчининг билиш жараёнидаги муайян эҳтиёжларга мослашган бўлиб, дарснинг мантиқий ва изчил ривожланишини таъминлайди. Ушбу босқичлар қуйидагилардан иборат: Engage (қизиқтириш), Explore (ўрганиш), Explain (тушунтириш), Elaborate (кенгайтириш) ва Evaluate (баҳолаш).
Engage – қизиқтириш босқичи
Қизиқтириш босқичи дарснинг бошланғич ва энг муҳим босқичи бўлиб, унда ўқувчиларда янги мавзуга нисбатан қизиқиш ва ички эҳтиёж уйғотилади. Ушбу босқичда ўқитувчи тайёр назарий билим бермайди, балки муаммоли вазият ёки савол орқали ўқувчиларни фикрлашга ундайди.
Масалан, физика дарсида ўқитувчи сувга туширилган буюмнинг енгилроқ кўринишини намойиш этиб, «Нима учун сув ичидаги буюм енгилроқ сезилади?» деган савол беради. Биология дарсида бир хил шароитда ўсган, аммо турлича ривожланган ўсимликлар расмлари кўрсатилиб, уларнинг ривожланишидаги фарқ сабаблари сўралади. Она тили дарсида эса хатолар билан тузилган гаплар берилиб, ўқувчилардан уларни аниқлаш талаб этилади. Бундай усуллар ўқувчиларнинг диққатини фаоллаштиради ва уларни мавзуга жалб қилади.
Explore – ўрганиш (тадқиқ қилиш) босқичи
Эхплоре босқичида ўқувчилар билимни бевосита тажриба ва изланиш орқали эгаллайди. Бу жараёнда улар мустақил ёки гуруҳда ишлайди, кузатади, тажриба ўтказади ва хулосалар чиқаради. Ўқитувчи эса йўналтирувчи ва маслаҳатчи ролини бажаради.
Масалан, кимё дарсида ўқувчилар кислота ва ишқор реакциясини тажриба орқали кузатиб, реакциянинг ташқи белгиларини қайд этади. Математика дарсида формулани тайёр ҳолда бериш ўрнига, масалалар орқали қонуниятни ўқувчиларнинг ўзлари аниқлаши ташкил этилади. География дарсида эса хариталар асосида иқлим минтақалари таҳлил қилинади. Бу босқич ўқувчиларнинг мустақил фикрлаш ва тадқиқотчилик кўникмаларини ривожлантиради.
Explain – тушунтириш босқичи
Тушунтириш босқичида ўқувчилар томонидан аниқланган хулосалар илмий жиҳатдан тизимлаштирилади. Ўқувчилар ўз фикрларини баён этади, ўқитувчи эса уларни илмий терминлар билан бойитади, нотўғри тушунчаларни тўғрилайди ва мавзунинг назарий асосларини тушунтиради.
Масалан, биология дарсида фотосинтез жараёнини тажриба орқали англаган ўқувчиларга ушбу жараённинг илмий таърифи ва босқичлари изоҳланади. Физика дарсида куч таъсири кузатилгач, Нютон қонунлари расмий равишда тушунтирилади. Тил дарсларида эса мисоллар орқали англанган грамматик ҳодиса қоида сифатида мустаҳкамланади.
Elaborate – кенгайтириш босқичи
Кенгайтириш босқичида ўқувчилар ўзлаштирган билимларни янги вазиятларда қўллайди ва чуқурлаштиради. Бу босқич фанлараро интеграция ва реал ҳаёт билан боғлаш имконини беради.
Масалан, физика ва математика фанлари интеграцияси орқали ҳаракат тенгламалари реал ҳаётий мисоллар асосида таҳлил қилинади. Адабиёт дарсида асарда кўтарилган муаммо замонавий жамият билан таққосланади. География ва иқтисод фанлари уйғунлигида иқлим ўзгаришининг иқтисодий оқибатлари муҳокама қилинади. Бу жараён ўқувчиларнинг юқори даражадаги тафаккур кўникмаларини ривожлантиради.
Evaluate – баҳолаш босқичи
Баҳолаш босқичи ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини аниқлашга хизмат қилади. Ушбу баҳолаш фақат якуний назорат билан чекланмай, бутун ўқув жараёни давомида амалга оширилади. Баҳолашда тестлар, ёзма ишлар, лойиҳа ишлари, оғзаки жавоблар, шунингдек, ўқувчиларнинг ўз-ўзини баҳолаши ва рефлексияси муҳим ўрин тутади.
Хулоса қилиб айтганда, 5E таълим модели жонли ўрганишни самарали ташкил этишга хизмат қилувчи замонавий методик ёндашув ҳисобланади. Ушбу модель ўқувчиларнинг дарс жараёнидаги фаоллигини оширади, мустақил ва танқидий фикрлашини ривожлантиради ҳамда билимларни амалиёт билан уйғунлаштиради. 5Э модели замонавий таълим талабларига тўлиқ жавоб беради ва таълим сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
