Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида мактаблар интернет фаолиятини деярли тўлиқ онлайн мониторинг қилаётган биринчи мамлакатга айланди.
Рақамли технологиялар вазирлигининг хабар беришича, вазирлик, UNICEF ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамкорлигида Ўзбекистонда халқаро GIGA ташаббуси муваффақиятли амалга оширилмоқда.
GIGA ташаббуси 2019 йилда БМТнинг Болалар жамғармаси (UNICEF) ва Халқаро электр алоқаси уюшмаси (ITU) томонидан ишга туширилган бўлиб, унинг асосий мақсади — дунёнинг ҳар бир мактабини интернетга улаш ва барча ўқувчилар учун тенг рақамли таълим имкониятларини яратишдан иборат. Бугунги кунда лойиҳа 30 дан ортиқ мамлакатда амалга оширилмоқда ва глобал миқёсда рақамли таълим инфратузилмасини шакллантиришда муҳим ўрин тутади.
Ўзбекистон GIGA ташаббусининг етакчи иштирокчиларидан бири сифатида тан олинган бўлиб, Марказий Осиёда унинг энг самарали амалга оширилиш модели сифатида эътироф этилмоқда. Тизимли ёндашув ва давлат идоралари ҳамда халқаро ташкилотлар ўртасидаги яқин ҳамкорлик натижасида мамлакат қисқа вақт ичида салмоқли натижаларга эришди.
Жумладан, 2021 йилда республика бўйлаб 10 098 та умумтаълим мактаби интернет тармоғига уланган, бу эса мамлакатдаги деярли барча мактабларни қамраб олиш имконини берди. Натижада Ўзбекистон дунё миқёсида энг тез фурсатда барча мактабларини интернетга ҳамда GIGA платформасига улаган давлатлардан бири, МДҲ давлатлари орасида эса барча мактаблари тўлиқ онлайн кўрсатиладиган даражага чиққан илк мамлакатлардан бири сифатида қайд этилди.
Лойиҳа доирасида ҳозирги кунда 10 417 та мактаб бўйича маълумотлар таҳлил қилиниб, мактабларнинг географик жойлашуви, умумий маълумотлари ҳамда интернет тезлиги, барқарорлиги ва мавжудлиги бўйича реал вақт режимида кузатиш имконини берувчи ягона онлайн мониторинг тизими жорий этилган.
GIGA платформасидаги интерактив харита орқали ҳар бир мактаб ҳақида аниқ географик координаталар, жойлашган ҳудуди, номи, ўқувчилар ва ўқитувчилар сони каби муҳим маълумотлар очиқ ва шаффоф тарзда акс эттирилади. Бу маълумотлар таълим муассасаларини интернет билан таъминлаш ҳолатини баҳолаш, таҳлил қилиш ва рақамли инфратузилмани янада ривожлантиришда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Шунингдек, лойиҳани амалга ошириш жараёнида GIGA раҳбарияти билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Келгусида эса лойиҳа қамровини касалхоналар, поликлиникалар, маданий ва жамоат муассасалари каби ижтимоий объектларга кенгайтириш режалаштирилган.
