Давлат меҳнат инспекцияси хорижий тил ўқитувчиларини B2 даражадаги сертификатга эга эмаслиги сабабли ишдан бўшатиш ёки ишга қўймасдан четлаштириш ҳолатлари юзасидан расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги 312-сон қарори билан хорижий тил ўқитувчилари учун B2 даража талаби белгиланган бўлсада, ушбу талаб меҳнат шартномасини бекор қилиш ёки ходимни ишдан четлаштириш учун тўғридан-тўғри ҳуқуқий асос ҳисобланмайди.
Хабарда қайд этилишича:
— B2 сертификатга эга эмаслик — меҳнат шартномасини 168-модда асосида бекор қилишга сабаб бўла олмайди;
— Бу ҳолат 161-моддага кўра иш берувчи ташаббуси билан ишдан бўшатиш учун ҳам асос эмас;
— 151-моддада ходимни ишдан четлаштириш асослари рўйхатида ҳам B2 сертификатга эга эмаслик кўрсатилмаган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 майдаги ПҚ-5117-сон қарори билан тасдиқланган Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига мувофиқ, хорижий тил ўқитувчиларининг 100 фоизини B2 даражага етказиш босқичма-босқич амалга ошириладиган мақсад ҳисобланади ва у жазолаш механизми сифатида назарда тутилмаганлиги таъкидланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш мақсадида Давлат меҳнат инспекцияси томонидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдимнома киритилгани маълум қилинган.
