Баҳорги семестрдан олдин ўғил болалар ҳам ўқишини кўчирса бўладими?

Баҳорги семестрдан олдин ўғил болалар ҳам ўқишини кўчирса бўладими?

Хабар берганимиздек, «Қишки перевод» жараёнлари 2 та узрли сабабга кўра амалга оширилади.

 

Яъни:

 

– талаба турмуш қуриши муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим ташкилотига ўқишни кўчириш учун мурожаат қилганда;

 

– давлат органлари ходимларининг иш жойи тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ўзгартирилган тақдирда, унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди муайян вазирлик ёки идора раҳбари тавсияси асосида ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда.

 

Фақатгина қизлар ўқишини кўчириши мумкинми?

 

Йўқ. Бошқа вилоятга уйланаётган йигитлар, агарда ўша вилоятга доимий яшаш жойларини кўчирсалар бемалол ўша ҳудуддаги олийгоҳга перевод қилишлари мумкин.

 

Масалан сиз Самарқанд вилоятидансиз, келин эса Тошкент шаҳридан. Сиз энди Тошкентга кўчиб кетяпсиз буткул, яъни келин яшайдиган ҳудудга (вилоят, шаҳарга). Демак сиз энди узрли сабабга эгасиз ва ўқишингиз Тошкент шаҳрида хоҳлаган давлат олийгоҳига кўчириш имконига эгасиз.

 

Бироқ, сиз Самарқанд, келин эса Бухородан бўлиб, турмуш қургач Тошкент шаҳри ёки бошқа учинчи вилоятга кўчиб борсангиз бу узрли сабабга кирмайди ва сиз учинчи ҳудудга ўқишингизни кўчира олмайсиз.

 

Аҳамият берадиган жиҳати шундан иборат-ки, узрли сабаб бўлиши учун турмуш қурувчилардан бири (эр ёки хотин)нинг доимий яшаш ҳудудига кўчиб бориш талаб этилади.

 

Аввалроқ, баҳорги семестр учун олий таълим ташкилотлари талабалари ўқишини кўчириш (қайта тиклаш) бўйича аризаларни қабул қилиш бошлангани ҳақида хабар берган эдик.