Ижтимоий тармоқларда Президенти ва номдор стипендияга талабгор талабалар томонидан мурожаат қилинган хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги муносабат берди.
Унда 2025/2026 ўқув йили учун Президент ва номли давлат стипендияларига талабгорлар учун махсус тест синовлари ўтказилмаслиги таъкидланган.
«Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 декабрдаги 840-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда номли давлат стипендияларини тайинлаш тартиби тўғрисидаги низомга кўра мазкур стипендияларга талабгорлар учун ахборот технологиялари, Ўзбекистон тарихи ва хорижий тиллар бўйича махсус тест синовлари жорий этилгани муносабати билан талабалар томонидан мурожаатлар келиб тушмоқда.
Шу ўринда қуйидагиларни маълум қиламиз.
Мазкур қарор билан Президент ва номли давлат стипендияларини тайинлашнинг янги тартиби жорий этилган бўлиб, ушбу тартиб 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб белгиланган талаб ва баҳолаш мезонлари асосида амалга оширилади.
Жорий ўқув йили учун номли давлат стипендиялари танловларининг олий таълим муассасаси босқичидан муваффақиятли ўтиб, ҳужжатлари белгиланган тартибда республика босқичига юборилган талабаларга нисбатан махсус тест синовлари ўтказилмайди.
Мазкур талабаларнинг ҳужжатлари ва эришган натижалари аввал белгиланган баҳолаш мезонлари асосида кўриб чиқилади» — дейилади вазирлик хабарида.
