Ўзбекистон ёшлари учун Швецияда магистратурада ўқиш имконияти яратилди.
Номзодлар грант олиш учун 2026 йил 15 январга қадар ариза топширишлари лозим.
Ўзбекистон Swedish Institute Scholarships for Global Professionals (SISGP) дастури доирасида Швецияда нуфузли магистратура дастурларида бепул таълим олиш ҳуқуқига эга мамлакатлар рўйхатига киритилди.
SISGP стипендия дастури ривожланаётган мамлакатлардан бўлган, барқарор ривожланишга ҳисса қўшишни мақсад қилган келажак лидерларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Дастур Швециянинг 29 та етакчи олий таълим муассасаларида амалга оширилаётган инглиз тилидаги магистратура дастурларини қамраб олади. Улар орасида Европа топ-университетлари қаторига кирувчи KTH, Lund University, Uppsala University, Karolinska Institute, Chalmers University ва бошқалар мавжуд.
Ўзбекистон фуқаролари қуйидаги йўналишлар бўйича швед университетларининг магистратура дастурларига ҳужжат топширишлари мумкин:
– давлат бошқаруви;
– тиббиёт;
– тадбиркорлик ва инновациялар;
– SТEМ (фан, технология, муҳандислик ва математика).
Танлов қоидаларига мувофиқ, ўқиш дастурини танлаш номзод ихтиёрида қолади. Шу билан бирга, одатда барқарор ривожланиш устувор йўналишларига мос келадиган ҳамда олинган билимларни номзоднинг ўз мамлакатида амалий қўллаш имкониятини кўрсатиб берадиган аризаларга устунлик берилади.
Ариза топшириш тартиби икки параллель босқичдан иборат:
– номзод томонидан магистратура дастурини танлаш (қуйидаги ҳавола орқали:
https://si.se/en/apply/scholarships/swedish-institute-scholarships-for-global-professionals/), бунда биринчи танлов сифатида энг мақбул университет кўрсатилиши муҳим;
– танланган магистратура дастурлари бўйича университетларга марказлашган платформа орқали ҳужжат топшириш (www.universityadmissions.se) — 2026 йил 15 январгача;
– Швеция институти стипендияси учун ариза топшириш — 2026 йил 9–25 февраль кунлари.
Номзодларга қўйиладиган асосий талаблар:
– тугалланган олий маълумот (камида бакалавр даражаси);
– инглиз тилини белгиланган даражада билиш;
– тасдиқланган профессионал тажриба (ўқиш йўналишига мос иш тажрибаси — камида 1 йил);
– лидерлик сифатлари ва олинган билимларни Ўзбекистонда амалга ошириш салоҳиятини намоён этувчи мотивацион хат.
Швеция институти — Швеция ҳақида глобал миқёсда ахборот тарқатиш, шунингдек, маданият, таълим, фан, демократия ва барқарор ривожланиш соҳаларида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш билан шуғулланувчи давлат ташкилотидир.
