Қайси фан ўқитувчилари мактаб маслаҳатчиси лавозимини эгаллаши мумкин?

Қайси фан ўқитувчилари мактаб маслаҳатчиси лавозимини эгаллаши мумкин?

Савол: Қайси фан ўқитувчилари мактаб маслаҳатчиси бўла олади? 4-курс талабаси «мактаб маслаҳатчиси» лавозимида ишлаши мумкинми?

 

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2025 йил 30 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мактабдан ташқари таълимни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 8 сентябрдаги ПҚ-277-сон қарори ижроси ҳақида»ги 368-сон буйруғи қабул қилинган.

 

Ушбу буйруққа кўра, «мактаб маслаҳатчиси» лавозимга давогарлар олий, бакалавр дипломига эга бўлиши (магистратура, илмий даражага эгалик афзаллик беради), мутахассислиги педагогика ёки психология йўналишида ўқиган бўлиши талаб этилади.

 

Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги олий таълим муассасалари битирувчилари ҳамда «Эл-юрт умиди» жамғармаси давлат стипендиантлар ғолибларига мутахассислик талаб этилмайди. Номзодлардан меҳнат стажи талаб қилинмайди.

 

Мактабгача ва мактаб таълими соҳасига оид қонунчилик ҳамда идоравий ва ички локал ҳужжатлардан, таълим стандартларидан хабардор бўлиши керак. Шунингдек, хорижий тиллардан бирининг бошланғич босқичини ва ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланишни билиши, давлат тилишини билиши (рус, инглиз ва бошқа чет тилларини билиши устуворлик беради) лозим.

 

Лавозимга давогарлар компьютер саводхонлигига эга бўлиши, Microsoft Office дастури (Word, Excel, Power Point ва ҳ.к), замонавий ахборот технологияларида ва интернет тармоғида мустақил фойдаланувчи сифатида турли иш дастурлари билан ишлаш бўйича етарли кўникмага эга бўлиши керак.

 

Шу сабабдан, тугалланмаган олий маълумот эгалари бу лавозимда ишлай олмайди.

 

Мактаб маслаҳатчиси қуйидаги асосий вазифаларни бажаради:

 

— умумий ўрта таълим ташкилотларида «Президент иқтидорли фарзандлари» миллий дастури мазмунини ёритиш, унда назарда тутилган ғоя ва мақсадларни ўқувчилар ўртасида кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш;

 

— «Келажак» марказларининг тармоқ тўгараклари фаолиятини тизимли ташкил этиш;

 

— ўқувчиларни тарихий обидалар, маданий ёдгорликлар, миллий ва умуминсоний қадриятлар билан яқиндан таништириш;

 

— ўқувчиларда етакчилик қобилияти, ташаббускорлик ва жамоа билан ишлаш кўникмаларини шакллантириш мақсадида турли лойиҳалар, клублар, дебатларни йўлга қўйиш;

 

— маданият, санъат, китобхонлик, спорт ва экологик йўналишлардаги лойиҳаларни ташкил этиш, улар орқали ўқувчиларда эстетик дидни шакллантириш, жисмоний фаолликни ошириш, китоб ўқишга бўлган қизиқишни кучайтириш ҳамда табиатни муҳофаза қилишга оид билим ва кўникмаларни ривожлантириш;

 

— ўқувчиларнинг мактабдан ташқари таълим муассасаларига жалб этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар базасини тизимли равишда шакллантириш ва юритиш.

 

Шунингдек, мактаб маслаҳатчилари ўқувчилар таълим-тарбиясида асосий мутахассис бўлиши белгиланган. Шу сабабли, уларнинг ойлик маоши директор ўринбосариникига тенглаштирилган.

 

Ушбу лавозимда ишлашни истаган талабгорлар tanlov.uzedu.uz платформаси орқали ариза қолдиришлари мумкин.