Фарғонадаги мактабда ўқитувчилар туну кун навбатчиликка жалб этилгани бўйича вилоят ММТБ изоҳ берди

Фарғонадаги мактабда ўқитувчилар туну кун навбатчиликка жалб этилгани бўйича вилоят ММТБ изоҳ берди

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда «Бувайда туманидаги мактабда ўқитувчилар туну кун навбатчиликда туришга мажбур қилинмоқда» мазмунидаги хабарлар тарқалганлиги ҳақида хабар берган эдик.

 

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Ахборот хизмати расмий муносабат билдирди.

 

Унга кўра, туман ҳудудидаги 37-умумтаълим мактаби директори вазифасини вақтинча бажарувчи бўлиб ишлаб келаётган Х.Н. томонидан педагогик жамоага уларнинг лавозим мажбуриятига кирмайдиган вазифа юклангани – амалдаги тартибларга зид равишда навбатчилик қилишлари талаб этилгани аниқланган.

 

Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг 2025 йил 6 январдаги буйруғига асосан 37-умумтаълим мактаби директори вазифасини вақтинча бажарувчи Х.Н. вазифасидан озод этилган.

 

Шунингдек, тизим раҳбарлари келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймасликлари юзасидан огоҳлантирилган.

 

Аввалроқ, Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 42-мактаб ўқитувчиларни «мажбурий меҳнатга жалб этилгани» учун мактаб директори 42 млн сўм миқдорида жаримага тортилган. Педагогларни ўз лавозим мажбуриятидан ташқари ишларни бажариш ҳолатини назоратга олмагани сабабли мактаб директори эгаллаб турган лавозимидан озод этилган эди.