Магистратурани битирганларга тўғридан-тўғри тоифа бериладими?

Магистратурани битирганларга тўғридан-тўғри тоифа бериладими?

Савол: Магистратурани битирганларга қачондан 1-тоифа берилади? Ҳозир мен тўғридан-тўғри тоифага юборсам 1-тоифа берадими? Мен магистратурани 2023 йилда битирганман.

 

Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 10-бандига кўра, илгари аттестациядан ўтмаган ишга янги қабул қилинган педагог кадрларга ёки олий таълим ташкилотларини битириб биринчи бор ишга кирган педагог кадрларга аттестацияга жалб этилгунга қадар қуйидаги тартибда малака тоифаси (лавозим) берилади:

 

– бакалавр даражасига эга педагог кадрларга — мутахассис (олий маълумотли ўқитувчи) лавозими;

 

– магистр даражасига эга мутахассисларга, шунингдек, олий маълумот даражаси бўйича академик даражалар жорий этилгунга қадар олинган олий маълумотли педагог кадрларга — иккинчи малака тоифаси (катта ўқитувчи лавозими).

 

Бунда, дастлаб тўғридан-тўғри иккинчи тоифа олиш бўйича мурожаат юборишингиз, иккинчи тоифа Сертификатини олгандан кейин эса биринчи тоифа олиш учун навбатдан-ташқари аттестацияда иштирок этишингиз мумкин.

 

Ушбу Низомнинг 7-бандига мувофиқ «Навбатдаги мажбурий аттестацияга жалб этилмайдиган педагог кадрлар ўз хоҳишига кўра, навбатдан ташқари аттестациядан ўтишлари мумкин»лиги белгилаб қўйилган.

 

2026 йилда ўтказиладиган аттестацияда ўз ихтиёрингизга кўра, навбатдан-ташқари тури бўйича қатнашасиз ҳамда паст натижа қайд этган тақдирингизда ҳам Сизга нисбатан салбий қарор қабул қилинмайди. Педагогик фаолиятингизга тўлиқ уч йил тўлганидан кейин мажбурий аттестациядан ўтишингиз керак, унгача ихтиёрий равишда навбатдан ташқари аттестациядан ўтишингиз мумкин.

 

Маълумот учун, Президентнинг 2025 йил 15 сентябрдаги мулоқотида бакалавр босқичини имтиёзли диплом билан битириб, мактабга ишга кирганларга автоматик равишда 2-малака тоифаси, магистрларга эса 1-малака тоифаси берилиши ҳақида илгари сурилган эди. Бу бўйича мутассадди билан боғландик. Ушбу имтиёзлар 2026 ва ундан кейинги йиллар битирувчиларига нисбатан татбиқ этилиши режалаштирилаётганини билдирди.