Ижтимоий тармоқларда «Бувайда туманидаги мактабда ўқитувчилар тун-у кун навбатчиликда туришга мажбур қилинмоқда» мазмунидаги хабарлар тарқалди.
Ҳолат юзасидан Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Ахборот хизмати расмий муносабат билдирди.
«Мазкур хабарда туман ҳудудидаги 37-умумтаълим мактаби директори томонидан имзоланган буйруққа асосан педагог ходимлар «мактаб ҳудудида тинчлик ва осойишталикни сақлаш, муассаса жамоаси ҳамда ўқитувчиларнинг хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлаш мақсадида» 25 декабрдан 6 январга қадар (13 кун давомида) тун-у кун навбатчиликка жалб этилгани танқид остига олинган.
Мазкур ҳолат Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи томонидан белгиланган тартибда назоратга олинди.
Ўрганишлар якунига кўра, қўшимча маълумот берилишини маълум қиламиз», дейилади хабарда.
Аввалроқ, Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 42-мактаб ўқитувчиларни «мажбурий меҳнатга жалб этилгани» учун мактаб директори 42 млн сўм миқдорида жаримага тортилган. Педагогларни ўз лавозим мажбуриятидан ташқари ишларни бажариш ҳолатини назоратга олмагани сабабли мактаб директори эгаллаб турган лавозимидан озод этилган эди.
