ХХI асрда таълим тизими инсон капиталини шакллантиришда ҳал қилувчи омилга айланди. Рақамли технологияларнинг жадал ривожи, ахборот оқимининг кескин ортиши ва меҳнат бозоридаги тезкор ўзгаришлар таълим мазмуни ва методларига янгича ёндашувни талаб этмоқда. Эндиликда таълим фақат билим бериш билан чекланиб қолмай, балки ўқувчиларда ҳаётий зарур компетенцияларни шакллантиришга йўналтирилмоқда. Шу нуқтаи назардан, замонавий педагогик ёндашувларда 4К модели — танқидий фикрлаш (Critical Thinking), ижодкорлик (Creativity), ҳамкорлик (Collaboration) ва коммуникация (Communication) марказий ўрин эгаллайди.
4К модели ўқувчини билим истеъмолчиси эмас, балки фаол фикрловчи, муаммо ечувчи ва жамоа билан ишлай оладиган шахс сифатида тарбиялашга хизмат қилади. Қуйида ушбу компетенцияларнинг ҳар бири назарий ва амалий мисоллар асосида ёритилади.
1. Танқидий фикрлаш (Critical Thinking)
Танқидий фикрлаш — бу шунчаки ўқилган ёки эшитилган маълумотни қабул қилиш эмас, балки уни таҳлил қилиш, баҳолаш ва асосли хулоса чиқариш кўникмасидир. ХХI аср таълимида бу компетенция муҳим ўрин эгаллайди, чунки ахборот кўплиги шароитида ҳар бир шахс мустақил фикрлай олиши, нотўғри ёки манипулятив маълумотларни аниқлай билиши зарурдир.
Танқидий фикрлаш ўқувчининг фикрни таҳлил қилиш, саволлар бериш, далилларга таянган ҳолда хулоса чиқариш қобилиятини ривожлантиради. Бу кўникма нафақат фанларни ўзлаштиришда, балки кундалик ҳаётда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Масалан, илмий-ижодий топшириқларда танқидий ёндашув ўқувчини ўз фикрини мустақил шакллантиришга ундайди. Ўқувчиларда танқидий фикрлашни ривожлантириш учун дарс жараёнида очиқ саволлар бериш, муаммоли вазиятлар яратиш, баҳс ва мунозараларни ташкил этиш самарали усуллар ҳисобланади.
Танқидий фикрлашни шакллантириш жараёнида ўқитувчи билим берувчи эмас, балки йўналтирувчи ролини бажаради. Масалан, тарих дарсида бир тарихий воқеа турли манбаларда турлича талқин этилган бўлса, ўқувчиларга ҳар бир манбани таҳлил қилиш, муаллиф позициясини аниқлаш ва холис хулоса чиқариш топширилади. Бу жараёнда ўқувчилар далил ва фактларга таянган ҳолда фикр юритишни ўрганадилар.
Шунингдек, медиа саводхонлик элементларини дарс жараёнига киритиш танқидий фикрлашни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Масалан, ижтимоий тармоқлардаги хабарлар таҳлил қилиниб, уларнинг ишончлилиги, манбаси ва мақсади аниқланади. Натижада ўқувчилар нафақат академик муҳитда, балки реал ҳаётда ҳам онгли қарор қабул қилиш кўникмасига эга бўладилар.
2. Ижодкорлик (Creativity)
Ижодкорлик — бу янги ғоя, ечим ёки маҳсулот яратиш қобилияти бўлиб, замонавий дунёда инновациялар манбаи ҳисобланади. “Ижодкорлик” сўзи лотинча “creo” сўзидан келиб чиққан бўлиб, бирор нарса қилиш ёки яратиш деган маънони англатади. “Ижодкорлик” сўзи Қадимги Юнонистонда мавжуд эмас эди; санъат ёки асарлар ижодий иш эмас, балки тақлид қилиш шакли деб ҳисобланган.
Креативлик — шахсни ривожлантирувчи категория сифатида инсон маънавиятининг ажралмас қисми бўлиб, шахсни ўз-ўзини ривожлантириш омили, шахсий жонбозликнинг асоси, шахс эга бўлган билимларнинг кўпқиррали эканлигида эмас, балки янги ғояларга интилишда ва ўрнатилган стереотипларни янгилик яратиш жараёнини ислоҳ қилиш ва ўзгартиришда, ҳаётий муаммоларни ечиш жараёнида кутилмаган ва ноодатий қарорлар чиқаришда намоён бўлади.
UNESCO маълумотларига кўра, ХХI асрда таълим тизими ижодий фикрловчи ва янгилик яратувчи авлодни тарбиялашга йўналтирилиши керак. Таълим жараёнида ижодкорликни ривожлантириш учун ўқувчиларга эркин танлов асосида топшириқлар бериш, лойиҳавий ишларга жалб этиш, интерактив методлардан фойдаланиш тавсия этилади. Ижодкорлик фақат санъат ёки адабиёт билан чекланмайди — математикада, биологияда, ҳатто информатика фанидан ҳам ижодий ёндашув талаб қилинади.
Шунингдек, ижодкорликни ривожлантириш учун ўқитувчининг ўзи ҳам янгича ёндашувга тайёр бўлиши лозим. Ўқув муҳитининг эркин, қўллаб-қувватловчи бўлиши ижодий тафаккур учун замин яратади.
Ижодкорликни ривожлантиришда лойиҳа асосида ўқитиш технологияси алоҳида аҳамиятга эга. Масалан, ўқувчиларга “Келажак мактаби” мавзусида лойиҳа ишлаб чиқиш топшириғи берилганда, улар дизайн, технология, дарс жараёни ва бошқарув бўйича ўз ғояларини илгари сурадилар. Бу жараёнда ўқувчилар нафақат ижодий фикрлайдилар, балки реал муаммоларни ҳал қилиш тажрибасини ҳам орттирадилар.
Шунингдек, фанлараро интеграция ижодкорликни кучайтиради. Масалан, информатика ва география фанларини уйғунлаштириб, интерактив хариталар яратиш ёки математика ва иқтисод фанлари асосида бизнес-режа тузиш ўқувчиларнинг ижодий салоҳиятини очиб беради. Бу ёндашув уларни келажак касбий фаолиятига тайёрлайди.
3. Коллаборация (Collaboration)
Коллаборация — бу жамоавий иш, масъулиятни тақсимлаш, фикр алмашиш ва умумий мақсад сари биргаликда ҳаракат қилишни англатади. Замонавий иш муҳитида жамоа аъзолари бир-бирига боғлиқ бўлган лойиҳаларда фаол ҳамкорлик қилиши керак. Шу боисдан, мактаб давридан бошлаб бу компетенцияни шакллантириш муҳимдир.
Ҳамкорликни ўргатишда гуруҳли ишлар, гуруҳларда ишлаш учун берилган махсус топшириқлар, ролларга бўлинган вазифалар, лойиҳа асосида ўқитиш методикаси қўлланилади. Баъзи тортинчоқ ўқувчилар ҳам бундай қизиқарли, жамоавий топшириқларни бажаришда фаол иштирок этадилар.
Ўқувчилар жамоа ичида масъулият, ҳурмат ва ўзаро тинглаш каби кўникмаларга эга бўладилар. Бу эса уларни ижтимоий жиҳатдан етук шахслар бўлиб шаклланишига ёрдам беради. Айниқса, рақамли технологиялар ёрдамида масофавий ҳамкорлик қилиш имкониятлари кенгайди. Халқаро лойиҳалар ва онлайн гуруҳли ишлар орқали ҳам ўқувчилар ҳамкорликни глобал даражада ўрганишлари мумкин.
Амалиётда коллаборацияни ривожлантириш учун “гуруҳли лойиҳа ҳимояси” усули самарали ҳисобланади. Масалан, экология мавзусида ҳар бир гуруҳ муаммони таҳлил қилади, ечим таклиф этади ва жамоа номидан чиқиш қилади. Бу жараёнда ўқувчилар лидерлик, масъулият ва муросага келиш кўникмаларини эгаллайдилар.
Шунингдек, онлайн платформалар орқали олиб бориладиган ҳамкорлик (масалан, умумий ҳужжатлар, тақдимотлар устида ишлаш) рақамли саводхонлик билан бир қаторда коллаборатив маданиятни ҳам ривожлантиради. Бу эса ўқувчиларнинг келажакдаги меҳнат фаолиятида муваффақиятли бўлишига хизмат қилади.
4. Коммуникация (Communication)
Коммуникация — бу фикр, ахборот, ҳис-туйғуларни аниқ, равон ва самарали тарзда етказиш санъатидир. Таълим жараёнида ўқитувчи ва ўқувчи, шунингдек ўқувчилар ўртасидаги мулоқот самарадорлиги ўзаро тушунишни белгилайди. Замонавий таълимда коммуникация икки жиҳатдан муҳим: оғзаки ва ёзма шаклда фикрни аниқ ифода эта олиш ҳамда рақамли воситаларда самарали мулоқот олиб бориш.
Ўқувчиларда коммуникацияни ривожлантириш учун баҳс-мунозаралар, тақдимотлар, эссе ёзиш, лойиҳа ҳимоялари каби топшириқлар кенг қўлланилади. Бу топшириқлар ўқувчиларнинг ўз фикрини аниқ, мантиқан асослаб айта олишига ҳамда тингловчини тушунишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, замонавий коммуникация маданияти, хусусан, онлайн этикет (digital etiquette) ва ахлоқий қадриятларни ҳам ўз ичига олади. Бу эса шахсни ҳар томонлама етук этиб шакллантиради.
Коммуникация компетенциясини ривожлантиришда тақдимот ва жамоат олдида чиқиш муҳим аҳамиятга эга. Масалан, ўқувчиларга маълум бир мавзуни аудитория олдида ҳимоя қилиш вазифаси берилганда, улар нафақат билимни, балки нутқ маданияти ва мулоқот маҳоратини ҳам ривожлантирадилар.
Шунингдек, рақамли мулоқот маданиятини шакллантириш бугунги кунда айниқса долзарбдир. Ўқувчиларга электрон почта, онлайн платформалар ва ижтимоий тармоқларда расмий ва маданиятли мулоқот қилиш қоидаларини ўргатиш уларнинг келажак касбий фаолиятида муҳим аҳамият касб этади.
Халқаро таълим тажрибалари ва 4К моделининг амалий аҳамияти
Халқаро тажрибаларни таҳлил қилсак, АҚШ, Финляндия, Жанубий Корея ва Сингапур каби илғор таълим тизимларига эга мамлакатлар 4К моделини амалиётда муваффақиятли татбиқ этмоқда. Масалан, Финляндияда фанлараро интеграция асосида лойиҳа ва гуруҳли ишларга катта эътибор қаратилади. АҚШда эса “21st Century Skills” дастури асосида ҳар бир мактабда 4К компетенциялари асосий ўқув режасига киритилган. Сингапур таълим тизимида эса ўқувчилар ҳар бир дарсда баҳс-мунозара, креатив ёндашув ва жамоавий топшириқлар орқали коммуникатив ва ижодий кўникмаларни ривожлантирадилар.
Бу компетенциялар нафақат ўқув жараёнини жонлантиради, балки ўқувчиларни келажакдаги ҳаёт ва меҳнат бозори талабларига тайёрлайди. Хулоса қиладиган бўлсак, 4К модели замонавий таълимда марказий ўрин тутади. Ушбу ёндашув орқали нафақат билимлар, балки ҳаётий зарур кўникмалар ҳам шаклланади. Таълимда 4К моделини татбиқ этиш рақобатбардош, мустақил ва креатив фикрловчи шахсларни тайёрлашнинг муҳим омили ҳисобланади.
