Мустақил изланувчилик бўйича аризалар қабули қачон бошланади?

Мустақил изланувчилик бўйича аризалар қабули қачон бошланади?

2026 йил 15 январдан мустақил изланувчиликка аризалар қабули бошланади. Жараён Ягона электрон тизим орқали амалга оширилади.

 

Мустақил изланувчилик — бу фалсафа доктори (Doctor of Philosophy, PhD) ёки фан доктори (Doctor of Science, DSc) илмий даражаларига даъвогар изланувчилар учун ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ташкил этиладиган, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлашга йўналтирилган олий таълимдан кейинги таълим шаклидир.

 

Эслатма: Мустақил изланувчиликка ариза топширишда хорижий тил сертификати талаб этилмайди.

 

Мустақил изланувчиликка талабгор қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза билан илмий ташкилот ёки таълим муассасасига Ягона электрон тизим ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилади:

 

— қисқача биографик маълумотнома;

 

— фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун мустақил изланувчи сифатида расмийлаштириш учун магистрлик ёки клиник ординатура (тиббиёт фанлари учун) ёки олий маълумот (мутахассислик дастури бўйича) тўғрисидаги диплом нусхаси;

 

— меҳнат дафтарчасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси;

 

— илмий ишлар рўйхати ва уларнинг нусхаси;

 

— фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун мустақил изланувчи сифатида расмийлаштириш учун фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) дипломи ёки хорижда олинган унга тенглаштирилган бошқа илмий даражалар дипломи нусхаси;

 

— иш жойидан тавсифнома.

 

Маълумот учун, талабгорлар ҳужжатлари илмий ёки таълим ташкилот томонидан кўриб чиқилиб қабул қилинади ёки рад этилади. Шунингдек, юқорида белгиланган муддатларда талабгорларнинг ҳужжатлари қабул қилиниши лозим.

 

Муҳим: Тиббиёт фанлари бўйича мустақил изланувчи сифатида расмийлаштиришда илмий ташкилот ёки таълим муассасасининг Коллегиал органи қарори билан талабгордан клиник ординатурани (магистратурани) тугатгандан сўнг ёки илмий даражани олганидан сўнг илмий, илмий-педагогик ёки амалий иш стажига (икки йилдан тўрт йилгача бўлган муддатда) эга бўлиши талаб этилиши мумкин.