Болалар таълими бўйича россиялик экспертлар болаларнинг биринчи мактаб кунларини қулай қилиш ва муваффақиятли таълимнинг асосларини яратиш бўйича қатор маслаҳатлар берган.
Унга кўра, болаларни бу даврда таълимга бўлган қизиқишни сақлаб қолиш, ортиқча юкни келтириб чиқармаслик учун россиялик мутахассислар қуйидагиларни таъкидлаган:
1. Эмоционал тайёргарлик – муваффақиятнинг пойдевори
«Мактаб болалар психикасига жиддий синов бўлиши мумкин, шунинг учун бола мактабга боришни хоҳлаши ва ўзини ўзгартиришларга тайёр ҳис қилиши муҳим», – дейди экспертлар.
Улар мактаб ҳақидаги ижобий тасаввурларни ўйинлар ва суҳбатлар орқали шакллантиришни тавсия қилади, лекин шу билан бирга ҳақиқатни айтиш – қийинчиликлар ҳам бўлишини тушунтириш керак.
Боланинг реакциясини кузатиш муҳим: у мактабга қизиқадими, саволлар берадими? Агар бола қатъиян биринчи синфга боришни рад этса, қўшимча тайёргарлик йили ҳақида ўйлаш керак – бу кечикиш эмас, балки психологик қулайликни таъминлашдир.
2. Мактаб режимига аста-секин мослашиш
Ҳатто боғчага борган болалар ҳам янги тартибга мослашишга муҳтож. Эрталаб туриш, кийиниш, дарслар – буларни нафақат тушунтириш, балки олдиндан машқ қилиш зарур.
Амалий қадамлар ташвишни камайтиради. Мактабгача борадиган йўлни бирга ўрганиш, сумкани йиғиш, форма кийиб кўриш. Муҳим жиҳатлар – масалан, осон кийиладиган пойабзал танлаш, болага мустақил кийиниш имконини беради.
3. Ўқишга ижобий муносабатни шакллантириш
«Болада ўқишга ижобий ҳис-туйғуларни яратиш муҳим. Қаттиқ қоидалар ёки баҳолар ҳақида хавотирли суҳбатлар ўрнига, янги дўстлар, қизиқарли дарслар, мактаб байрамларига эътибор қаратиш керак», – дейди экспертлар.
Биринчи мактаб кунига тайёргарликни байрамга айлантириш керак. Рангли дафтар ва қаламларни бирга танлаш, сумкани осиб кўриш, ўйин шаклида «мактаб кунини машқ қилиш» ижобий эмоционал фон яратади.
4. Асосий ўқув кўникмаларини ривожлантириш
Экспертлар таъкидлайдики, мактаб дастурини олдиндан ўрганиш мажбурий эмас. Бундай вақтда кундалик ҳаётда қизиқишни ва диққатни ривожлантириш кўпроқ фойда беради. Масалан, сўз ўйинлари ўйнаш, зинапояларни санаш, ўйинчоқларни ранг ва шакл бўйича ажратиш керак.
Оддий машқлар диққат ва мантиқий фикрлашни самарали ривожлантиради, болани ортиқча чарчатмайди. «Ташаббусни рағбатлантиринг, кундалик вазифаларни ўйин шаклида таклиф қилинг. Шу вақтда асосий мақсад – ўқувга қизиқишни сақлаш, ортиқча юкламадан чарчатмаслик», – дейди экспертлар.
5. Ижтимоийлашув – қулай мослашувнинг калити
«Мактаб фақат столлар ва дарсликлар эмас, балки ижтимоийлашувнинг асосий босқичи», – таъкидлайди экспертлар. Ёзги тўгараклар, спорт мусобақалари ёки ижодий студиялар тенгдошлар билан мулоқот қилиш ва янги жамоада ўзини қулай ҳис қилиш имконини беради.
Шунингдек, болага оддий мулоқот қоидаларини, ёрдам сўраш, бошқаларни ҳурмат қилиш ва меҳрибон бўлишни олдиндан муҳокама қилиш ҳам муҳимдир. Бундай суҳбатлар ҳиссий интеллектни ривожлантиради, бу эса нафақат мактабда муваффақиятга, балки ҳаётдаги муваффақиятга ҳам таъсир қилади.
6. Тиббий тайёргарлик
Мактаб йилига тайёргарлик бошланишидан олдин, болани офтальмолог ва умумий саломатлик бўйича текширувдан ўтказиш керак. Агар махсус тавсиялар мавжуд бўлса, тегишли мутахассислар билан маслаҳатлашиш лозим. Шунингдек, бола барча керакли эмлашларни олганини ҳам текшириш зарур. Бу фақат болани эмас, балки синфдошлари ва бутун жамоани ҳимоя қилиб, хавфсиз муҳитни яратади.
