Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича жорий йилнинг декабрь ойида шартномалар тузилганлиги билан боғлиқ хабар тарқалди.
Ҳолат юзасидан вилоят ММТБ томонидан расмий муносабат билдирилди. Унга кўра, ҳолат бошқарма масъуллари томонидан тегишли тартибда ўрганилган.
Маълум қилинишича, Олмалиқ шаҳаридаги давлат мактабгача таълим ташкилотларида 2025 йилнинг 18 августига қадар овқатлантириш анъанавий усулда ташкил этилган. Ташкилотлар тарбияланувчиларини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича шартномалар Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги «Давлат харидлари тўғрисида»ги ЎРҚ-684-сонли қонуни асосида тўғридан тўғри расмийлаштирилиб келинган.
2025 йил 18 августидан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 январдаги «Давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантириш тартиби такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 1-сонли қарори асосида Олмалиқ шаҳридаги барча давлат мактабгача таълим ташкилотларида овқатлантириш аутсорсинг усулига ўтказилган ва бугунги кунда овқатлантириш ҳали ҳам аутсорсинг усулида олиб борилмоқда.
«Ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган фотолардаги кўрсатилаётган декабрь ойи шартномалари келгуси йил учун эмас, балки 2025 йилнинг август ойи ўртасига қадар давлат мактабгача таълим ташкилотларида овқатлантириш анъанавий усулда амалга оширилганлиги, айрим сабабларга кўра ярим ой мобайнида тўғридан тўғри таъминотчилар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилганлиги сабабли ушбу таъминот корхоналари хизматлари эвазига вужудга келган қарздорликни қоплаш учун йил якуни декабрь ойида шартномалар расмийлаштирилмоқда», — дейилади хабарда.
