2025 йил 31 декабрь куни Вазирлар Маҳкамасининг «Ёшларни ИТ соҳасига жалб қилиш, уларнинг рақамли билим ва кўникмаларини ошириш орқали юқори даромадли касбларга йўналтириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги 849-сонли қарори қабул қилинди.
Унга кўра, Рақамли технологиялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг «Бир миллион дастурчи» лойиҳасининг мантиқий давоми сифатида «Беш миллион сунъий интеллект етакчилари» лойиҳасини амалга ошириш ва мазкур лойиҳа доирасида йил якунига кўра энг юқори натижаларга эришган ёшлар, уларнинг ўқитувчилари ҳамда таълим ташкилотларини рағбатлантириш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.
Ҳар йили «Беш миллион сунъий интеллект етакчилари» лойиҳаси доирасида энг юқори натижаларга эришган иштирокчиларни тақдирлаш бўйича миллий танлов ўтказиб борилиши белгиланди.
Бунда танлов ғолиблари пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғалар, жумладан:
– 100 нафар ўқитувчи — 1 000 АҚШ доллари эквивалентида пул мукофоти;
– 10 нафар ўқитувчи — хорижий саёҳатга йўлланма;
– 500 нафар ёш — ноутбук;
– 500 нафар ёш — қимматбаҳо совғалар;
– 3 та олий таълим ташкилоти — пул мукофоти;
– 2 та умумтаълим мактаби («Президент совғаси») — электромобиль билан тақдирланади.
