Таълимда нейрон тармоқлардан фойдаланиш билан боғлиқ саволлар ҳеч қачон бу йилгидек фаол муҳокама қилинмаган. Сунъий интеллект билан дарс тайёрлаш ёки тил ўрганиш мумкин деган қарашлар кўп учраб турибди.
Шу сабабдан, бу борада турли хил фан ўқитувчиларидан сунъий интеллект (СИ)дан фойдаланиш ҳақидаги оммабоп фикрларга муносабати ўрганилди.
Ўқитувчининг дарсга СИ ёрдамида тайёрланишида ҳеч қандай муаммо йўқ
Кўпчилик СИ воситаларига мурожаат қилишни «айёрлик» деб ҳисоблайди ва кўплаб ўқитувчилар ўқувчиларга нейрон тармоқлардан фойдаланишни тақиқлайди. Аммо ўқитувчиларнинг ўзлари СИ дан фойдалансачи?
А.П, тарих фани ўқитувчиси:
«Бунда ҳеч қандай муаммо кўрмайман. Мен учун бу — оддийгина восита. Болаларга улкан ҳажмдаги маълумотни етказишим керак, бу эса муайян тарихий даврга босқичма-босқич шўнғишни талаб қилади. Бунга соатлаб вақт сарфлагандан кўра, масалан, промптда бешинчи синф учун Қадимги Юнонистон тарихидаги саналар жадвалини тузишни сўрашим мумкин. Бу жуда қулай. Ижтимоий фанларда ҳам худди шундай — СИ ёрдамида маълумотларни mind map лар кўринишида тақдим этиш мумкин».
Г.М, инглиз тили ўқитувчиси:
«Тўлиқ қўшилмайман. Муаммо бўлмаслиги учун бир нечта мезонларга риоя қилиниши керак. Биринчидан, ўқитувчи фанини мукаммал билиши шарт. Иккинчидан, маълумотнинг ишончлилиги ва ҳақиқийлигини текшира олиши керак. Учинчидан, уни тўғри иқтибос келтира билиши лозим.Менимча, дарсга тайёргарликда СИ дан энг самарали фойдаланиш — уни «котиб» сифатида ишлатиш:
– маълумотни тартибга солиш ёки матн ёзишда қўлда териш ўрнига ёрдамчи сифатида».
Омар Алҳамви, компьютер технологиялари ўқитувчиси:
«Сунъий интеллект (СИ) — турли мураккабликдаги топшириқларни тезкор ишлаб чиқишга, ўқув мисолларини ўқувчиларнинг ёши ва даражасига мослаштиришга, мураккаб тушунчаларни тушунтириш учун кўргазмали аналогиялар яратишга ва бир хил материални турли дастурлаш тилларига мослаб ўзгартиришга ёрдам беради.
Таълим жараёнини ташкил этиш даражасида эса СИ машғулот сценарийларини лойиҳалаш, сюжетли таълим шаклларини ишлаб чиқиш ва фанлараро лойиҳалар яратишда қўлланилади».
Ўқувчилар СИ дан фойдаланмаслиги керакми?
Кўплаб фикрларга кўра, СИ болаларнинг ижодкорлигини пасайтиради, ахборот излаш кўникмасининг шаклланишига тўсқинлик қилади ва фақат кўчиришга ўргатади. Бу қанчалик тўғри?
О.Г, биология ўқитувчиси
«Қўшилмайман. Ўқувчилар СИ дан фойдалана олишлари керак, аммо нима учун ва қандай мақсадда фойдаланаётганини тушунишлари муҳим. Бу — восита, миянинг ўрнини босувчи нарса эмас. Агар СИ дан ўз билимлари ўрнига фойдаланиб, генерация қилинган рефератларни топширишса, бундан яхши натижа чиқмайди».
П.П, тарих фани ўқитувчиси
«Қўшилмайман. Биз ким бўлибмизки, ўқувчиларга ниманидир тақиқлаймиз? Аксинча, уларни сунъий интеллектдан фойдаланишга ўргатишимиз керак. Хусусан, нейрон тармоқлар кўпинча нотўғри жавоблар беришини тушунтириш зарур. Ўқувчиларни ахборотни қайта ишлаш ва унга танқидий ёндашиш кўникмасига ўргатиш — энг муҳим жиҳат».
Г.М, инглиз тили ўқитувчиси
«Бу саволга оддий жавоб йўқ. Бизнинг мактабда академик ҳалоллик тушунчасига катта эътибор берилади: манбаларни кўрсатиш, ахборот қаердан олинганини аниқлаш қанчалик муҳимлигини ўргатамиз. Шу шартлар бажарилганда СИ дан фойдаланиш мумкин. Аммо барча ўқувчилар шунчалик масъулиятли бўладими? Ҳатто нуфузли университетлардаги профессорлар ҳам СИ дан нотўғри фойдаланган ҳолатлар кўп».
Омар Алҳамви, компьютер технологиялари ўқитувчиси
«Қисман қўшиламан. СИ — масалаларни автоматик ечиш воситаси эмас, балки когнитив ҳамкор. Сунъий интеллект билан мулоқот хатолар ва мукаммал бўлмаган ечимларни таҳлил қилиш орқали рефлексия, аргументация ва танқидий фикрлашни ривожлантириши мумкин».
Бироқ ёш ва контекст омили жуда муҳим. Бошланғич синф ўқувчилари учун СИъдан фойдаланиш қатъий чекланган ва педагог назорати остида бўлиши керак, чунки бу босқичда асосий когнитив ва ўқув кўникмалари шаклланади. Ўсмирлар ва катта ёшдаги ўқувчилар учун эса СИ аниқ қоидалар ва ахлоқий меъёрлар доирасида онгли равишда ўзлаштириши мумкин.
СИ нотўғри жавоблар беради ва мавзуни ўрганишга халақит қилади
Ҳамма СИ-моделларнинг ёқимсиз хусусияти — «галлюцинация», яъни билмаган саволларга тўқима жавоблар беришини билади. Сунъий интеллект мактаб дастури бўйича хато қиладими?
О.В, биология ўқитувчиси
«Йўқ. Назорат ишларига тайёргарликда аниқ топшириқларнинг ечим мантиқини сифатли тушунтириб бера олади, агар ўқувчи дарсда тушунмай қолиб, ўқитувчидан сўрашни унутган бўлса. Мактаб дастури билан у яхши ишлайди, лекин университет даражасида ҳозирча кўп хатоларга йўл қўяди».
Г.М, инглиз тили ўқитувчиси
«Мен сунъий интеллект (СИ) доимо нотўғри жавоб беради, деб ўйламайман. Бугун нейрон тармоқлар анча ривожланган ва умумий ҳолда етарлича аниқ натижа беради. Аммо СИ берган ҳамма нарсани текширмасдан дарҳол ишлатиб бўлмайди — маълумотни текшириш ва англаш зарур».
Амалиётда, олдиндан ўйланган сценарийлар ва стандартлаштирилган промптлар қўлланганда хатолар кескин камаяди. Масалан, модель ишончи етарли бўлмаганда жавоб бермасликка ва фақат ишончли, олдиндан белгиланган манбаларга — масалан, тасдиқланган дарслик ва методик қўлланмаларга — таянишга ўргатилса, таълимий ва корпоратив СИ ёрдамчиларда хатолар тизимли муаммо эмас, балки кам учрайдиган ҳолатга айланади.
Шунингдек, етарли сифатли ички маълумотлар мавжуд бўлса, аниқ соҳа вазифаларига йўналтирилган махсус моделларни ўқитиш мумкин.
СИ ёрдамида бажарилган уй вазифаларини аниқлаш жуда осон
Дастлаб кўплаб ўқитувчилар СИ ёрдамида бажарилган ишларни дарҳол аниқлаш мумкинлигини айтишган. Бугун нейрон тармоқлар ўқувчи жавобларига қанчалик «ўхшаб» ёзмоқда?
Г.М, инглиз тили ўқитувчиси
«СИ ривожланиб, тобора мукаммаллашиб бормоқда. Шу боис, бир томондан, СИ яратган матнни кўз билан дарҳол ажратиш қийинлашди. Бошқа томондан, матнни киритиб, у СИ томонидан яратилганини юқори эҳтимол билан аниқлайдиган машҳур сайтлар ҳам бор.
Аммо бу масаланинг бошқа томони ҳам мавжуд — бу ўқитувчиларга катта қўшимча юк бўлиб тушади. Асосий муаммо ҳам шунда».
П.П, тарих фани ўқитувчиси
«Ҳа, бу жуда осон, чунки еттинчи синф ўқувчиси иқтисодий ёки социологик мавзуларда «компаратив таҳлил» ёки «транзитология» каби ибораларни ишлатиши даргумон. Бундай ҳолатларда СИ изини аниқлаш қийин эмас».
О.А, компьютер технологиялари ўқитувчиси
ʼЪОта-оналарнинг СИъдан кўчириш учун фойдаланиш ҳақидаги хавотирлари тушунарли ва асосли, чунки СИ тезкор тайёр ечимлар берадиган қулай воситага айланмоқда. Амалиётда СИ ёрдамида тўлиқ ёки қисман бажарилган ишлар учраб туради. Аммо муаммо уларнинг мавжудлигида эмас, балки бундай ҳолатларга педагогик ёндашувда.
Мен бундай ишларга жазоловчи муносабатда бўлмайман. Агар СИ тушуниш, ўзини текшириш ёки ифодани аниқлаштириш учун ишлатилган бўлса, буни фойдали деб ҳисоблайман. Агар эса ўқувчи иш мазмунини тушунмай топширса ва фикрлаш жараёнини изоҳлаб бера олмаса, ишни қайта бажаришга тўғри келадиʼʼ.
СИ дан фойдаланиш бўйича дарслар барча мактабларда жорий этилиши керак
Айрим мактаб ва университетларда таълимда СИ дан фойдаланиш бўйича семинарлар ўтказилмоқда. Аммо болаларни СИ воситаларига ўргатиш хавфли эмасми?
Г.М, инглиз тили ўқитувчиси
ʼЪБу ерда ҳам оддий жавоб йўқ. Бир томондан, бугун талабаларнинг СИ ва унинг қўлланилиш усулларини билиши жуда муҳим, чунки бу уларга рақобат устунлигини беради. Бошқа томондан, бераётган маълумотимиз қанчалик ишончли ва тўғри эканини қаердан биламиз? Ҳатто СИ тадқиқотлари ва ишланмаларининг олдинги сафида турган мутахассислар ҳам келажакда бу нима олиб келишини аниқ билишмайдиʼʼ.
Р.А, тарих фани ўқитувчиси
«СИ дан фойдаланиш бўйича дарслар барча мактабларда мажбурий жорий этилиши керак. Ўқувчилар қайси промтлар самарали, қайсилари эса нотўғри маълумот беришини тушуниши лозим. Бу воситадан фойда топишни мактаб ўргатиши мумкин.
Шу билан бирга, билимга қизиқиш ва чанқоқликни шакллантириш аввало оила ва яқин муҳитнинг вазифаси эканини унутмаслик керак. Замонавий технологиялар фақат ахборотга етиб бориш масофасини қисқартиради, ички мотивацияни эса алмаштира олмайди».
СИ билан ишлашни билмасдан муваффақиятли карьера қуриш қийинлашади
Бугун меҳнат бозорида СИ воситаларидан фойдаланиш кўникмалари мажбурий талаб сифатида кўрсатилган бўш иш ўринлари пайдо бўлмоқда. Келажакда бу кўникмалар қанчалик қадрланади?
Яқин келажакда мураккаб жараёнлар ва ахборот билан ишлаш мавжуд бўлган деярли барча соҳаларда алоҳида СИ-роллар пайдо бўлади. Энг эҳтимолий йўналишлар:
- СИ-менежерлар — бизнес вазифаларини тушуниб, уларни СИ ечимлари тилига ўгира оладиган мутахассислар.
- СИ-редакторлар ва контент-кураторлар — «СИ ўрнига ёзадиганлар» эмас, балки сифат, мазмун ва этика учун масъул бўлганлар.
- Таълимда СИ-методистлар — нейрон тармоқларни ўқитиш, дастурларни шахсийлаштириш ва ўқувчиларда тафаккурни ривожлантиришга мослаштирадиган мутахассислар.
- СИ-аналитиклар ва стратеглар — автоматлаштириш эмас, балки инсайтлар топиш, прогнозлаш ва қарор қабул қилиш учун СИъдан фойдаланадиганлар.
- СИ-интеграторлар — компания ва жамоаларнинг иш жараёнларига нейрон тармоқларни жорий этувчи мутахассислар.
