Мустақил изланувчиликка ҳужжатлар топшириш муддати қачон?

Мустақил изланувчиликка ҳужжатлар топшириш муддати қачон?

ОТМ ва илмий ташкилотлар талабгорларнинг мустақил изланувчиликка ҳужжатларини йилда 4 маротаба, яъни:

 

— 15 сентябрдан 15 октябргача;

 

— 15 январдан 15 февралгача;

 

— 15 апрелдан 15 майгача;

 

— 15 июлдан 15 августгача бўлган даврларда қабул қилиши мумкин бўлади.

 

Мустақил изланувчилик — ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда докторлик диссертациясини тайёрлаш ва ҳимоя қилиш мақсадида мутахассисликни чуқур ўрганиш ва улар томонидан илмий изланишлар бўйича фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражалари изланувчилари учун ОТМ ва ИТМларда ташкил этиладиган олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар бўйича олий ўқув юртидан кейинги таълим шакли ҳисобланади.

 

Мустақил изланувчиликка талабгор қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза билан илмий ташкилот ёки таълим муассасасига Ягона электрон тизим ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилади:

 

— қисқача биографик маълумотнома;

 

— фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун мустақил изланувчи сифатида расмийлаштириш учун магистрлик ёки клиник ординатура (тиббиёт фанлари учун) ёки олий маълумот (мутахассислик дастури бўйича) тўғрисидаги диплом нусхаси;

 

— меҳнат дафтарчасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси;

 

— илмий ишлар рўйхати ва уларнинг нусхаси;

 

— фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун мустақил изланувчи сифатида расмийлаштириш учун фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) дипломи ёки хорижда олинган унга тенглаштирилган бошқа илмий даражалар дипломи нусхаси;

 

— иш жойидан тавсифнома.

 

Маълумот учун, талабгорлар ҳужжатлари илмий ёки таълим ташкилот томонидан кўриб чиқилиб қабул қилинади ёки рад этилади. Шунингдек, юқорида белгиланган муддатларда талабгорларнинг ҳужжатлари қабул қилиниши лозим.

 

Муҳим: Тиббиёт фанлари бўйича мустақил изланувчи сифатида расмийлаштиришда илмий ташкилот ёки таълим муассасасининг Коллегиал органи қарори билан талабгордан клиник ординатурани (магистратурани) тугатгандан сўнг ёки илмий даражани олганидан сўнг илмий, илмий-педагогик ёки амалий иш стажига (икки йилдан тўрт йилгача бўлган муддатда) эга бўлиши талаб этилиши мумкин.