Меҳнат кодексининг 209-моддасига кўра, дам олиш кунларида ва байрам кунларида ишлашга жалб этиш тақиқланади.
Янги йил байрами муносабати билан 5 кунлик дам олишда айрим ташкилотларда навбатчиликлар ташкил этилади. Чунки, олдиндан кутилмаган ишларни шошилинч бажарилиш билан боғлиқ ҳодисалар содир бўлиши мумкин ёки узлуксиз ишлайдиган ташкилотлар бор (МК 209 ва 210-моддаларига мувофиқ).
Меҳнат кодексининг 210-моддасига асосан, дам олиш кунлари ва ишланмайдиган байрам кунлари ходимнинг розилигисиз ишга жалб этишга йўл қўйилмайди, бундан қуйидаги ҳоллар мустасно:
1) табиий ёки техноген хусусиятга эга ҳалокатларнинг, ишлаб чиқаришдаги аварияларнинг, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг, шунингдек ёнғинларнинг, тошқинларнинг, зилзилаларнинг, эпидемияларнинг ёки эпизоотияларнинг олдини олиш ёки оқибатларини бартараф этиш ҳамда аҳолининг ёхуд унинг бир қисмининг ҳаётига ёки нормал яшаш шароитларига таҳдид соладиган бошқа алоҳида ҳолларда бажариладиган ишлар амалга оширилиши учун;
2) бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун;
3) марказлаштирилган иссиқ сув таъминоти, совуқ сув таъминоти ва (ёки) сув чиқариш тизимларининг, газ таъминоти, иссиқлик таъминоти, ёритиш, транспорт, алоқа тизимларининг нормал ишлашини бузадиган кутилмаган ҳолатларни бартараф этишга доир ижтимоий жиҳатдан зарур ишлар амалга оширилиши учун;
4) иш берувчининг мулкини нобуд қилиш ёки унга зарар етказишнинг олдини олиш учун.
Аммо ҳеч қандай юқоридаги асосларсиз, ходимларнинг розилигисиз, айниқса ўзининг хизмат вазифасига кирмайдиган ишлар учун навбатчиликка жалб қилинса, бу мажбурий меҳнат ҳисобланади.
Мажбурий меҳнат учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси билан 41 млн 200 минг сўмгача, агар педагог ходимга нисбатан содир этилса, 61 млн 800 минг сўмгача жарима қўлланилади.
