2025 йил давомида 59 та янги мактаб ишга туширилиб, мамлакат бўйича мактаблар умумий сони 10 193 тага етказилган.
Натижада мактаб ўқувчилари сони 6,5 миллион нафарни ташкил этган. Бу аҳоли ўсиши шароитида таълим тизимига тушаётган юкламани барқарор таъминлаш ва ўқувчилар учун муносиб шароит яратишга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, 2024–2025 ўқув йили якунида 433 минг 503 нафар 11-синф ва 633 минг 952 нафар 9-синф битирувчисига давлат намунасидаги шаҳодатномалар топширилган.
Мактабгача таълим йўналишида ҳам ижобий ўзгаришлар қайд этилган. Болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 78 фоизга, 6 ёшли болалар қамрови эса 98 фоизга етказилган. Бу кўрсаткичлар болаларни мактаб таълимига тайёрлаш сифатини оширишга қаратилган ислоҳотлар натижаси сифатида баҳоланмоқда.
Инфратузилмани яхшилаш доирасида мактабларнинг 43 тасида янги қурилиш ишлари олиб борилиб, 371 та мактаб реконструкция қилинган, 88 тасида эса мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилган. Мактабгача таълим ташкилотларида ҳам қурилиш ва янгилаш жараёнлари жадал давом этган: 103 та янги объект қурилди, 191 таси реконструкция қилиниб, 36 таси капитал таъмирдан чиқарилган.
Ушбу ишлар натижасида мактабларда қарийб 142 мингта қўшимча ўқув ўрни яратилган бўлиб, 92 минг 400 ўринли мавжуд бинолар тўлиқ таъмирланган.
Иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Президент иқтидорли фарзандлари» миллий дастури ишга туширилиб, унга 2 минг 642 та ариза қабул қилинган. Шу билан бирга, таълим муассасалари раҳбарларини рағбатлантириш мақсадида мактаб директорлари базавий тариф ставкалари 20 фоизга, директор ўринбосарлариники эса 15 фоизга оширилган.
