Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2023 йилнинг 27 июнь куни 190-сон билан тасдиқланган «Умумий ўрта таълим муассасаси директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ва синф раҳбарларининг лавозим йўриқномасини тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғига мувофиқ, таълим муассасасидан ташқарида дарсдан кейинги ва таътил пайтидаги ўқувчиларнинг хатти-ҳаракатлари учун амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ота-оналар жавоб беради.
Синф раҳбарлари эса жавобгарликка тортилмайди. Демак, бундай ҳолатларда нафақат синф раҳбарига, балки директор ўринбосарларига нисбатан ҳам интизомий жазо чоралари қўлланилмайди.
Яъни таътил вақтида болаларнинг хавфсизлиги ва назорати тўлиқ ота-оналар зиммасига тушади.
Эслатма: Ўзбекистон Республикаси «Оила кодекси»нинг 73-моддасида ота-оналар фарзандларини тарбиялашга масъул эканлиги баён этилган. Улар фарзандларининг саломатлиги, ақлий, жисмоний, маънавий ва ахлоқий ривожланиши учун ғамхўрлик қилишлари шарт.
Аввалроқ, таътил муносабати билан Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ота-оналарга мурожаат юборган эди.
