Қўшимча дам олиш кунлари берилиши ҳисобига иш ҳақи камаядими?

Қўшимча дам олиш кунлари берилиши ҳисобига иш ҳақи камаядими?

Президентнинг 2025 йил 24 декабрдаги ПФ-257-сон «2026 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ ходимлар кетма-кет 5 кун дам олишади. 5 январь душанбадан барча ходимларга иш куни.

 

Бу ҳолатда кўпчиликдан дам олишлар ҳисобига ойликлар камаядими?

 

Меҳнат кодексининг 249-моддаси 4-қисмига асосан ходимлар меҳнатига вақтбай, ишбай ёки меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилган бошқа мезонларга кўра ҳақ тўланади.

 

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай тизимида қўшимча дам олиш кунлари ҳисобига ойлик иш ҳақлари камаймайди. Масалан, шифокор ёки ўқитувчи 1 ой давомида 22 иш куни ишлайдими ёки 20 иш куни ишлайдими ойлик иш ҳақи камаймайди.

 

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай тизимида эса қўшимча дам олиш кунлари ҳисобига ойлик иш ҳақлари камайиши мумкин. Чунки бунда ходимларга ишлаб бериш нормаларидан (вақт нормаларидан) келиб чиққан ҳолда ҳақ тўланади. Ишбай тизимда ишлаб чиқарилган маҳсулот бирликлари сонига ёки бажарилган иш ҳажмига, уларнинг сифати, ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг яроқли ёки яроқсизлигга қараб ҳақ тўланади.

 

МК 277-моддасига кўра, меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай тизимида нархлар белгиланган иш разрядларидан, меҳнатга ҳақ тўлаш разрядларидан, тариф ставкаларидан (маошлардан) ва ишлаб бериш нормаларидан (вақт нормаларидан) келиб чиққан ҳолда аниқланади.

 

Ишбай нарх бажариладиган ишнинг разрядига мувофиқ бўлган кунбай тариф ставкасини ёки соатбай тариф ставкасини кунбай ёки соатбай ишлаб бериш нормасига бўлиш йўли билан аниқланади. Ишбай нарх бажариладиган ишнинг разрядига мувофиқ бўлган кунбай тариф ставкасини ёхуд соатбай тариф ставкасини белгиланган кунбай ёки соатбай вақт нормасига кўпайтириш йўли билан ҳам аниқланиши мумкин.

 

Кунбай тариф ставкаси (маош) ёки соатбай тариф ставкаси меҳнатга ҳақ тўлашнинг разрядига мувофиқ бўлган ойлик тариф ставкасини ёки лавозим маошини иш кунларининг ёхуд иш соатларининг ойлик нормасига бўлиш йўли билан аниқланади.

 

Масалан, савдо соҳасида иш ҳақи савдо ҳажмига ёки хизмат кўрсатилаётган мижозлар сонига боғлиқ бўлади, ҳамда сотувчилар учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай тизимидан фойдаланилади. Ушбу тўлов тизими ижодий касбдаги ишчилар – журналистлар, муҳаррирлар, ёзувчилар ва бошқалар учун ҳам кенг қўлланилади. Уларнинг иш ҳақи яратилган маҳсулот миқдорига боғлиқ бўлади.