Россия президенти энг ёмон олий ўқув юртларини аниқлашга чақирди

Россия президенти энг ёмон олий ўқув юртларини аниқлашга чақирди

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин натижалари энг паст бўлган таълим муассасаларининг йиллик рейтингини тузишни таклиф қилган. Мазкур таклиф энг паст бўлган таълим муассасаларига ёрдам кўрсатиш мақсадида амалга оширилади.

 

Шунингдек, у Меҳнат вазирлиги томонидан битирувчиларнинг ишга жойлашуви бўйича мазмунли миллий рейтинг тайёрланганини таъкидлаган. Ушбу рейтинг ҳар бир таълим муассасаси кесимида битирувчиларнинг ишга жойлашиш даражаси ва уларнинг иш ҳақи миқдорини кўрсатади.

 

«Албатта, бунда етакчилар, энг олдинги сафдагилар бўлади. Аммо шу рейтинг асосида ҳар йили, афсуски, энг ёмон натижаларни кўрсатган 100 та таълим муассасасини аниқлашни таклиф қиламан. Айнан мана шу ҳолатда ўқувчилар, ҳудудлар ва бутун мамлакат манфаатлари йўлида вазиятни ўзгартиришга ёрдам бериш керак», — дея таъкидлаган Россия президенти Давлат кенгаши йиғилишида.

 

Унинг аниқлик киритишича, бундай таълим муассасаларнинг ҳар бири бўйича ҳудудий ҳокимиятлар билан биргаликда соғломлаштириш ёки қайта ташкил этиш дастурлари ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши лозим.

 

«Буни албатта қилиш керак, бу ерда ҳеч қандай сусткашлик бўлмаслиги керак», — дея таъкидлаган Россия президенти.

 

Шунингдек, йиғилишда Путин иқтисодиётнинг муҳим соҳалари учун мутахассислар тайёрлайдиган олий ўқув юртларига алоҳида эътибор қаратишга чақирган. Коллежлар, техникумлар ва олий ўқув юртлари битирувчиларининг меҳнат бозорида талабгирлигини оширишга эришиш кераклигини айтиб ўтган.