Қирғизистонда ўқитувчилар иш ҳақи 100 фоизга оширилади. Бу янгиликни Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров Халқ Қурултойида сўзлаган нутқида эълон қилди.
Қирғизистон Президентининг таъкидлашича, ҳозирги кунда ўқитувчиларнинг ўртача ойлик иш ҳақи 26 минг сомни ташкил этади, апрель ойидаги оширишдан сўнг эса ўртача 52 минг сомга етади. Ўқитувчиларнинг меҳнат ҳақи уларнинг билим даражаси, педагогик тажрибаси, малака тоифаси, фаолият юритаётган ҳудуди, ўқитаётган фани ҳамда ҳафталик юкламасига боғлиқ бўлади.
Шаҳарда педагогик ўрта маълумотга эга, бироқ ўқитувчилик тажрибасига эга бўлмаган янги иш бошлаган ўқитувчининг иш ҳақи апрель ойидан бошлаб 36 минг 800 сомни, қўлига тегадиган соф сумма эса 31 минг 200 сомни ташкил этади.
Ҳудудий коэффициенти 1,8 бўлган баланд тоғли ҳудудда фаолият юритаётган, 30 йилдан ортиқ иш тажрибасига эга математика ўқитувчиси ҳозирда 65 минг 800 сом маош олса, янгиланган тизимга кўра апрель ойидан бошлаб унинг иш ҳақи 97 минг 600 сомгача ошади.
Маълумот ўрнида, ҳозирда Қирғизистон ўқитувчилари Ўзбекистондаги ўқитувчилардан сал камроқ, ўртача 26 минг сом ёки 3,6 млн сўм маош олишади. Лекин 1 апрелдан бошлаб, Қирғизистон ўқитувчилари ўртача 52 минг сом ёки 7,2 млн.сўм маош олишади. Бу Ўзбекистондаги ҳамкасблари маошидан 75% кўп дегани.
