Ўқитувчиларга «коллектив» бўлиб Янги йил байрамини нишонлаш мумкин эмасми?

Ўқитувчиларга «коллектив» бўлиб Янги йил байрамини нишонлаш мумкин эмасми?

Xalqtaliminfo.uz сайти журналисти Улуғбек Пўлатовнинг ёзишича, педагог ходимларга Янги йил байрам тадбирларини корпоратив байрам ва тадбирлар сифатида ташкил этиш бўйича ҳеч қандай тақиқ мавжуд эмас.

 

Педагог ходимлар дам олиш кунларида ёки ишдан бўш вақтларида ҳар қандай корпоратив байрам ва тадбирларда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бу уларнинг конституцион ҳуқуқидир.

 

Педагог ходимлар ҳам эркин фуқаро. Уларнинг иш вақтидан ташқари пайтдаги хатти-ҳаракатларини чеклаш, назорат қилиш мутлақо қонунчиликка зид.

 

Ундан ташқари Меҳнат кодексининг 201-моддасига кўра ҳар кунги дам олиш, бошқа дам олиш кунлари (ҳар ҳафталик узлуксиз дам олиш) ҳамда ишланмайдиган байрам кунлари дам олиш вақти ҳисобланади.

 

Дам олиш вақти эса ходим меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод бўлган ва ўз ихтиёрига кўра фойдаланиши мумкин бўлган вақтдир. Яъни, дам олиш вақтини ходимлар ўзлари истаган ҳолда ўтказишга ҳақли.

 

Шу сабабли, педагог ходимлар ўз хоҳишига кўра Янги йил байрам тадбирларини корпоратив байрам ва тадбирлар сифатида ташкил этиши мумкин.

 

Эслатма! Фақат бундай тадбирларни мактаб ҳудудида ўтказиш мумкин эмас

 

Чунки, Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2023 йил 31 август кунги 282-сонли буйруғи билан тасдиқланган «Умумий ўрта таълим муассасасининг такомиллаштирилган намунавий одоб-ахлоқ қоидалари» билан мактаб ҳудуди ва биносида ўқувчиларга алоқаси бўлмаган байрам тадбирларини ўтказиш тақиқланган.

 

Шунингдек, таълим муассасасининг ҳудуди ва биносида спиртли ичимликлар ҳамда тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ҳам тақиқланган.