«2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Президент Фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар айрим белгиланган таълим ташкилотларига Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссияси қарорига кўра, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг йўлланмасига мувофиқ жойлаштирилиши мумкин.
Бунда йўлланма асосида юбориладиган ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар таълим ташкилотларига бепул асосда, синовлар ва қўшимча имтиҳонларсиз қабул қилинади.
Шунингдек, ҳар ўқув йили якунида вазирлик ва идоралар томонидан тасарруфидаги таълим ташкилотларининг қабул квотасини тасдиқлашда ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун 5 фоизгача қўшимча квота ажратилади.
Болалар масалалари бўйича миллий комиссия зиммасига қуйидаги қўшимча функциялар юкланади:
– болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш фаолиятини амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, Болалар масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар томонидан кўрилаётган чораларнинг натижадорлигини ўрганиш;
– қўшимча квота асосида таълим ташкилотларига қабул қилинган ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болаларнинг хулқ-атвори ва ўзлаштиришини таҳлил қилиш.
