Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнгротбой Шариповнинг «Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурларининг ижроси ҳамда соҳада коррупция омилларини бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти эшитилди.
Вазир Қўнғиротбой Шариповнинг маълум қилишича, HEMIS ахборот тизими такомиллаштирилган. Тизимдаги камчиликларни ўрганиш натижасида талабаларнинг баҳоларини киритиш ва таҳрирлаш тартибига қатъий ўзгаришлар киритилган.
Аввалги тартибга кўра, фан ўқитувчиси ёки деканат ходимлари тизимга киритилган баҳоларни мустақил равишда ўзгартириш имкониятига эга эди. Энди HEMIS платформасига қўйилган баҳоларни деканат ёки ўқитувчилар ўзгартиролмайди. Платформага қўйилган баҳони ўзгартириш ваколат фақат ўқув ишлари бўйича проректорда бўлади.
Баҳо қандай ҳолларда қайта кўриб чиқилиши мумкин?
Тизимдаги маълумотларга фақатгина талаба ўз баҳосидан норози бўлиб, белгиланган тартибда апелляция берганида ва ушбу ариза мутахассислар томонидан атрофлича таҳлил қилинганидагина ўзгартириш киритилиши мумкин. Бошқа барча ҳолатларда киритилган баҳолар дахлсиз қолади.
Ушбу ислоҳотдан кўзланган асосий мақсад — талабанинг билимини холис баҳолаш, тизим масъулиятини ошириш ва олий таълимда адолат мезонларини таъминлашдан иборат.
