Қишки таътил олдидан ЙҲХХ ота-оналарни огоҳликка чақирди

Қишки таътил олдидан ЙҲХХ ота-оналарни огоҳликка чақирди

Ўзбекистонда 28 декабрь кунидан бошлаб ўқувчилар учун қишки таътил кунлари бошланади. Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати эса ота-оналарга мурожаат қилди.

 

Мурожаатда таътил даврида болаларнинг хавфсизлиги ва назорати тўлиқ ота-оналар зиммасига тушади. Совуқ об-ҳаво шароитида автомобиль йўлларида болаларнинг ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш масъулиятига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланган.

 

Шу билан бирга, Янги йил арчаси ва байрам тадбирларида болаларни қаровсиз қолдирмаслик, уларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этишини назорат қилиш сўралган. Хусусан, йўлни белгиланмаган жойлардан кесиб ўтмаслик, светофор ишораларига амал қилиш ҳамда пиротехника воситаларидан фойдаланмаслик масалаларига эътибор кучайтирилиши лозимлиги қайд этилди.

 

ДЙҲХХ Янги йил байрами ва қишки таътил кунлари кўнгилсиз ҳодисалардан холи, мароқли ва энг муҳими, хавфсиз ўтиши учун ота-оналарни фарзандлари билан боғлиқ масалаларда огоҳ ва масъулиятли бўлишга чақирди.

 

Ҳукуматнинг 2017 йил 15 мартдаги 140-сонли қарорига мувофиқ, 2025/2026-ўқув йилида умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари учун қишки таътил 28 декабрдан, (бошланғич 1-4-синфларда эса 27 декабрь — шанба кунидан) бошланади. Таътил келаси йилнинг 10 январигача, яъни 14 календарь кунида давом этиши режалаштирилган.