Қашқадарё вилоятида фаолият кўрсатувчи «Тонг юлдузи» (номи ўзгартирилган) НМТТ субсидия тўлаб берилишида амалий ёрдам сўраб Бизнес-омбудсман девонига мурожаат қилган.
Аниқланишича, 2025 йил октябрь ва ноябрь ойлари учун болалар ва ходимлар кунлик давоматдан тўғри, аниқ ўтказилганига қарамасдан, субсидия тўланмасдан қолган.
Вазирлар Маҳкамасининг 02.08.2022 йилдаги 426-сон қарори билан тасдиқланган «Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар ва компенсациялар тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 32-бандига кўра, субсидияларнинг ойлик суммалари иш соатлари мобайнида НМТТБАТда қайд этилган ходимлар ва тарбияланувчиларнинг давомати асосида ҳисобланади. Бунда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда кўрсатилган ДХШ асосидаги МТТнинг манзили (жойлашуви бўйича геолокацияси)дан бошқа жойда қайд этилган ходимлар ва тарбияланувчиларнинг давомати НМТТБАТда ҳисобга олинмайди ва улар учун субсидия тўланмайди.
Бизнес-омбудсман девони аралашуви натижасида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан НМТМ амалга оширган йўқламаларда ташкилот ҳудудини (локациясини) сохталаштириш мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмас деб топилиб, октябрь ва ноябрь ойлари учун жами 131 млн сўм субсидия пуллари тўлаб берилган.
