Менежерлик сертификати учун имтиҳонлардан ўтолмаган директорлар қайта топшириши мумкинми?

Менежерлик сертификати учун имтиҳонлардан ўтолмаган директорлар қайта топшириши мумкинми?

Ижтимойи тармоқларда «Таълим кимларнинг қўлида қолди?» сарлавҳаси остида Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги 34-ДМТТ ва 9-ДМТТларининг директорлари менежерлик сертификати учун имтиҳонлардан ўтолмаган бўлсаларда яна синовларга тайёрланаётгани, бу қанчалик тўғрилиги бўйича хабар тарқалди.

 

Ушбу ҳолат бўйича вилоят ММТБ томонидан расмий муносабат билдирилди. Унга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 августдаги «Давлат мактабгача таълим ташкилотлари директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш, уларга менежерлик сертификатини бериш ва номзодларни лавозимга тайинлаш тизимини жорий этиш тўғрисида» 531-сон қарорига мувофиқ, «Номзодларга сертификат бериш учун якуний синовларни ташкил этиш ва ўтказиш» бўйича 39-бандида «Биринчи марта якуний синовдан ўта олмаган директорлар икки ой ичида бир марта якуний синовда иштирок этиши мумкин. Ушбу муддат ичида якуний синовда иштирок этмаган ёки иккинчи якуний синовда ҳам белгиланган баллни тўплай олмаган директорлар белгиланган тартибда лавозимидан озод этилади» деб кўрсатилган.

 

«Шунга кўра, ижтимоий тармоқларда қайд этилган Чирчиқ шаҳардаги 9- ва 34-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотлари директорларининг қайта менежерлик имтиҳонларини топшириш муддати ҳали амалда эканлигини маълум қиламиз», — дейилади хабарда.