Энди ўқитувчи болани таҳқирламаса, хўрламаса ва жисмоний зўравонлик қилмаса, жавобгарликка тортилмайди

Энди ўқитувчи болани таҳқирламаса, хўрламаса ва жисмоний зўравонлик қилмаса, жавобгарликка тортилмайди

Хабар берганимиздек, жорий йилнинг 17 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасида акс этган таълим ташкилотида таълим-тарбия берувчи шахс томонидан болага нисбатан зўравонлик ҳолатлари содир этилгани учун маъмурий жавобгарлик белгилашга қаратилган норма баҳсларга, тортишувларга сабаб бўлган эди.

 

Жумладан, «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров таълим-тарбия бериш жараёнида болага нисбатан зўравонлик ҳолатлари содир этилгани учун педагогни бир йил давомида педагогик фаолиятдан четлатишга оид ушбу нормага мутлақ қаршилик билдирган.

 

Яна бир қатор депутатларнинг айнан ушбу норма юзасидан билдирган эътироз ва таклифларидан сўнг регламентга кўра, қўмита таклифи овозга қўйилган.  Аммо ушбу модда етарлича овоз тўплай олмагач, лойиҳа нормаларини қайта кўриб чиқиш мақсадида қонун лойиҳаси масъул қўмитага қайтарилган эди.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида боғча ва мактабларда болалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги аниқ жавобгарлик тартиби белгиланди.

 

Унга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасининг янги таҳрири қабул қилинди. Янги таҳрирга кўра, ўқитувчи болани таҳқирламаса, хўрламаса ва жисмоний зўравонлик қилмаса, жавобгарликка тортилмайди.

 

Аввалги таҳрирда турлича талқин қилиниши мумкин бўлган руҳий босим ёки ғамхўрлик қилмагани учун жавобгарлик каби мезонлар мавжуд эди. Энди бу мезонлар кодексдан чиқарилди.

 

Янги таҳрир болаларни ҳимоя қилиш ва ўқитувчиларни аниқ жавобгарлик мезонлари билан тартибга солишга қаратилган.