Янги йилда хориждан келадиган чет тили ўқитувчилари учун 700 млрд сўм ажратилади

Янги йилда хориждан келадиган чет тили ўқитувчилари учун 700 млрд сўм ажратилади

«2026 йил Давлат буджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси»да келгуси ўқув йили учун 1 500 нафар хорижий тил ўқитувчиларини жалб этиш мақсадида 700 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилган. Бу кўрсаткич 2025 йилда ажратилган 210 миллиард сўмлик маблағдан 2,8 баравар кўпроқ.

 

Чет тили ўқитувчиларини таълим жараёнига жалб қилиш 2030 йилгача бўлган давлат стратегиясида белгиланган устувор мақсадлардан бири ҳисобланади. Стратегияга кўра, ҳар йили 500 нафардан ортиқ хорижий мутахассислар таълим ташкилотларига таклиф этилиши лозим.

 

Бугунги кунда мактабларда энг кенг ўқитилаётган чет тили инглиз тили эканлиги қайд этилади. 2023 йилдан буён таълим муассасаларида инглиз, немис ва француз тили бўйича 500 нафардан ортиқ хорижлик педагоглар «тил эгалари» сифатида фаолият бошлаган. 2024 йилдан бошлаб эса яна 1 500 нафар мутахассисни жалб этиш мақсад қилинган.

 

Мазкур ўқитувчилар юқори синфларга Буюк Британиянинг «Cambridge University Press», Франциянинг «Didiyer» ҳамда Германиянинг «KLETT» нашриётлари дарсликлари асосида сабоқ беради.

 

Ўзбекистон тажрибаси ҳам ижобий натижаларни кўрсатмоқда: «тил эгалари» фаолият юритган 500 та мактабда ўқувчиларнинг чет тилларни билиш даражаси ҳудудларга қараб ўртача 5–15 фоизга ошган.

 

Хорижий мутахассислар ҳафтасига 20 соат дарс ўтиб, бундан ташқари ҳафтада уч маротаба қўшимча тўгарак машғулотлари олиб боради. Шунингдек, улар маҳаллий ўқитувчилар учун мунтазам тренинглар ҳам ташкил этади.