Жорий йилнинг 17 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида бир қатор қонун лойиҳалари қизғин муҳокама қилинди.
Хусусан, болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасида акс этган таълим ташкилотида таълим-тарбия берувчи шахс томонидан болага нисбатан зўравонлик ҳолатлари содир этилгани учун маъмурий жавобгарлик белгилашга қаратилган норма баҳсларга, тортишувларга сабаб бўлди.
Жумладан, «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров таълим-тарбия бериш жараёнида болага нисбатан зўравонлик ҳолатлари содир этилгани учун педагогни бир йил давомида педагогик фаолиятдан четлатишга оид ушбу нормага мутлақ қаршилик билдирди.
«Лекин бир нарсани эсимиздан чиқариб қўймоқдамиз, таълимда мажбурлаш бор. Ота-боболаримиз ҳам таълимни шундай олишган. Кейин илмли одам пайдо бўлган» дейди Қодиров.
Яна бир қатор депутатларнинг айнан ушбу норма юзасидан билдирган эътироз ва таклифларидан сўнг регламентга кўра, қўмита таклифи овозга қўйилди. Аммо ушбу модда етарлича овоз тўплай олмади. Шундан сўнг лойиҳа нормаларини қайта кўриб чиқиш мақсадида қонун лойиҳаси масъул қўмитага қайтарилди.
