Президентнинг 2025 йил 18 декабрдаги ПФ-252-сон Фармонига асосан 37 та ташкилотда ҳисоб палатасининг бош инспектори лавозими жорий этилди.
Ушбу палатанинг бош инспектор лавозими жорий этиладиган давлат органлари ва ташкилотлари рўйхатида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳам бор.
Фармоннинг 3-иловасига кўра, давлат органлари ва ташкилотларида Ҳисоб палатасининг вакили сифатида фаолият олиб борувчи бош инспекторнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
- Бюджет қонунчилиги бузилиши ҳолатларининг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси юзасидан амалга ошириладиган ишларни ташкил этиш;
- Бюджет маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ мақсадли индикаторлар ижроси бўйича хавфларни баҳолаш ва самарадорлигини таҳлил қилиш;
- Давлат ташқи қарзи ва грантлар ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳаларнинг лойиҳа баҳолаш ҳужжатларидан бошлаб, уларнинг якунланишигача бўлган барча жараёнларни назоратга олиш;
- Давлат органлари ва ташкилотларининг қўшимча даромадлари ва бюджетдан ташқари жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланишни мониторинг қилиш;
- Давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талабларининг тўғри қўлланилиши устидан назоратни амалга ошириш, манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганлик ҳолатларини тўхтатиш чораларини кўриш;
- Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритилган объектларда амалга оширилаётган қурилиш ишлари харажатларини мониторинг қилиш;
- Давлат органлари ва ташкилотлари «Ситуацион марказ»ларининг фаолияти самарали амалга оширилишини ва Ҳисоб палатаси билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;
- Бюджет, ташқи қарз ва грант маблағларидан самарали ва тежамкорлик тамойили асосида фойдаланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;
- Субсидияларнинг манзиллилиги ва мақсадлилигини назорат қилиш ҳамда унинг самарадорлигини таҳлил қилиш;
- Ички назорат тузилмалари ходимлари ва «хавфларни бошқариш» қўмиталари аъзоларининг фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда мувофиқлаштириш;
- Давлат бюджети харажатлари самарали ва мақсадли ишлатилиши билан боғлиқ бўлган бошқа тадбирларни амалга ошириш;
- Жорий назорат натижалари бўйича ҳар чораклик ҳисоботни «Давлат аудити» дастурий комплексига мажбурий тарзда киритиш;
- Молиявий соҳадаги коррупциявий хатарлар аниқланган тақдирда, дарҳол Ҳисоб палатаси раисига ахборот бериш ва маълумотларни «Давлат аудити» дастурий комплексига киритиш.
Улар куратор сифатида ташкилотнинг молиявий фаолиятини назорат қилади.

