Айрим ҳолатларда ходим докторантурага қабул қилингач, таълим муассасаси ундан асосий иш жойидан бўшаб келишни талаб қилади. Иш берувчи эса бу вазиятда қандай йўл тутишни билмай, ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида ўйлаб қолади.
Хўш, университетнинг бу талаби қонунийми ва иш берувчи ходимни ишдан бўшатиши шартми?
Ҳукуматнинг 2017 йил 22 майдаги 304-сонли қарорида таянч докторантура «ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда»ги таълим шакли сифатида белгиланган.
Аслида, «ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда» дегани докторантнинг асосий вақти ва эътибори илмий тадқиқотга қаратилиши лозимлигини англатади, бироқ бу унинг меҳнат қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлишини англатмайди.
Меҳнат кодексининг 161-моддасида ходим билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш асосларининг тўлиқ рўйхати келтирилган. Улар орасида «ходимнинг докторантурага ўқишга кириши» деган асос мавжуд эмас.
Демак, ходимнинг докторантурага кириши уни ишдан бўшатиш учун мутлақо асос бўла олмайди.
Аксинча, Меҳнат кодексига биноан, иш берувчи таълим муассасаларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиётган ходимларга ишни таълим билан бирга қўшиб олиб боришлари учун зарур шароитлар яратиб бериши шарт.
Унда докторант ҳам ўқиб, ҳам ишлаши учун энг тўғри ечим қандай?
Бунда ходимни ишдан бўшатиш эмас, балки у билан келишилган ҳолда меҳнат шартларини ўзгартириш лозим. Меҳнат кодексининг 186-моддасига кўра, ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан тўлиқсиз иш вақти, яъни тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси белгиланиши мумкин.
Яъни, иш берувчи ходим билан қўшимча келишув тузиб, унинг иш ставкасини 0.5, 0.25 ёки бошқа миқдорга ўтказиши мумкин. Бунда ходимнинг меҳнат стажи сақланиб қолади.
Энди университетнинг «ишдан бўшаб кел» деган талабига қайтайлик. Докторантура «асосий иш жойи» ҳисобланадими? Қонунчиликка кўра, йўқ. Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сонли қарорига биноан, ўриндошлик бу ходимнинг асосий ишидан бўш вақтида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажаришидир. Таълим олиш жараёни эса «меҳнат фаолияти» ёки «асосий иш» деб эътироф этилмайди.
Ходимнинг таянч докторантурага қабул қилиниши уни ишдан бўшатиш учун асос бўлмайди. Университетнинг «ишдан бўшаб кел» деган талаби қонунчиликка зиддир. Ходим асосий иш жойида (масалан, тўлиқсиз иш вақтига ўтган ҳолда) ишлаш ва бир вақтнинг ўзида докторантурада таҳсил олишга тўла ҳақли.
