Дарсда фаол бўлган ўқувчилар бир ҳафта ўтиб, оддий саволларга жавоб тополмаслиги кўплаб ўқитувчилар учун таниш ҳодисадир. Бу ҳодиса ўқитувчининг хатоси эмас, балки инсон мияси фаолиятининг табиий натижасидир. Уни психологияда «The Forgetting Curve» (унутиш эгри чизиғи) деб аташади.
Мазкур тушунча немис психологи Germann Ebbinghaus томонидан илгари сурилган. У инсон янги маълумотни ўрганганидан кейин вақт ўтиши билан уни тез унутиши ва агар маълумотни қайта кўриб чиқмасак ёки мустаҳкамлаб қўймасак, катта қисми тезда хотирадан чиқиб кетишини билдиради.
Тадқиқотларга кўра, янги ўрганган маълумотнинг:
— 50% бир соат ичида,
— 75% кейинги кун,
— 90% эса бир ҳафта ичида унутилади.
Бироқ, маълумотни қайта тиклаш ва амалиёт билан мустаҳкамлаш орқали бу жараённи яхшилаш мумкин. Қуйида ўқувчиларга эслаб қолишга ёрдам берадиган учта самарали усул келтирилган:
1. Brain Dump (Дарҳол эслаб қолиш)
Ўқитувчи дарсдан сўнг «Дафтарларингизни ёпинг, ҳеч қандай эслатмасиз, бу дарсдан нимани эслаб қолдингиз, ёзинг», деб топшириқ беради. Ўқувчилар 2–4 дақиқа ичида эслаб қолган тушунча, мисол, асосий ғоя ёки боғловчи фикрларни ёзадилар.
Бу усул ўқувчиларда мустақил фикрлаш кўникмасини ошириб, ўрганганини ўз тили билан ифодалашни рағбатлантиради. Бундан ташқари, ўқитувчи ҳам ўқувчининг мавзуни қандай тушунганини билиб олади ва зарур бўлса, изоҳ беради ёки тўғрилайди.
2. Living Wall (Шахсий рефлексия)
Бунинг учун синфда ажратилган махсус жойга ўқувчилар қоғозларга қуйидаги саволларга жавобларини ёзиб ёпиштирадилар:
— Бугун нимадан ҳайратландим?
— Бу мавзуни ҳаётимда қаерда қўллай оламан?
— Олдинги билимларим билан қандай боғланади?
Ўқитувчи ушбу девор билан ишлаш учун ҳафтадан бирор кунни танлаб, вақт ажратади: эски ёзувларни ўқиш, янги ёзувлар қўшиш, қўшимча ёзувлар ёзиш, гуруҳларга ажратиш ва бошқалар. Вақт ўтган сайин ўқувчилар ўзлари ёзганлари орасидаги боғлиқликларни топишга ўрганадилар. Бу эса уларнинг мустақил фикрлаш қобилиятини мустаҳкамлайди.
3. Immediate Use (Дарҳол қўллаш)
Дарсда янги тушунча ўргатилганидан сўнг, ўқитувчи ўқувчиларга шу билим асосида кичик вазифа беради. Икки жумладан иборат ҳикоя ёзиш, карикатура чизиш, ёки ижтимоий тармоқда пост матнини ёзиш ва бошқалар. Масалан, истеҳзо мавзусини ўрганган ўқувчи дарҳол икки жумлалик истеҳзоли ҳикоя ёзади. Ёки характеристика мавзусидан сўнг адабий қаҳрамон учун ижтимоий тармоқда пост матнини тайёрлайди. Бу орқали билим хотиранинг қисқа муддатли сақлашидан чиқиб, узоқ муддатли хотирага ўтади. Ўқувчи нафақат эслаб қолади, балки бу билимни реал вазиятда ишлатишга ўрганади.
Ўқувчилар унутиши табиий ҳолат, аммо улар билимни қайта тиклаш, боғлаш ва қўллаш орқали ўрганилган нарсаларни мустаҳкамлаши мумкин. Ушбу усуллар ёрдамида ўқувчилар пассив ёдлашдан чиқиб, ўз билимининг ҳақиқий эгасига айланади.
