Президентнинг 2025 йил 18 декабрда «Давлат аудити ва молиявий назорати фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–252-сон Фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2027 йил 1 январдан ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларини шакллантиришдан бошлаб, лойиҳаларни фойдаланишга топширишга қадар барча жараёнлар тўлиқ рақамлаштирилади. Бунда:
– ривожлантириш дастурлари Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг «Капитал қўйилмалар» автоматлаштирилган ахборот тизимида электрон шакллантирилади;
– Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш «Шаффоф қурилиш» платформасида амалга оширилади;
– буюртмачи ва пудратчилар ўртасида бажарилган ишлар бўйича ҳисобварақ-фактураларни келишиш «Шаффоф қурилиш» платформасида ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида «Капитал қўйилмалар» автоматлаштирилган ахборот тизимида амалга оширилади.
2026 йил 1 июлдан автомобиль йўллари қурилиш жараёнлари доирасида космик тасвирлар ва дронлар ёрдамида қурилиш ҳамда молиялаштириш ҳажмларини солиштириш асосида мониторинг қилинади.
2026/2027 ўқув йилидан Тошкент давлат иқтисодиёт университетида таълим йўналиши шаклида Давлат аудити олий мактаби ташкил этилади.
