Таълим муассасаларида қишки каникул бошланишига 9 кун қолди

Таълим муассасаларида қишки каникул бошланишига 9 кун қолди

Хабарингиз бор, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг тегишли буйруғига мувофиқ, олий, ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотлари (давлат, нодавлат ҳамда хорижий) ва академик лицейлар талаба ҳамда ўқувчиларининг жорий ўқув йили учун қишки таътил муддати белгиланган.

 

Унга кўра, қишки таътил 2025 йил 28 декабрдан бошланиб, 2026 йил 10 январига қадар (шу куни ҳам) давом этади.

 

Талаба ва ўқувчиларнинг қишки таътил даврида доимий яшаш ҳудудларига (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига) бориб-келишларини қулайлаштириш мақсадида Транспорт вазирлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳамда «Uzbekistan Аirways» АЖ билан ҳамкорликда қўшимча имкониятлар яратилди.

 

Аввалроқ, «Uzbekistan Аirways» ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари талабалари ва ўқувчилари учун барча маҳаллий авиақатновларга эконом-класс тарифларига 50% гача чегирмалар эълон қилган эди.

 

Шунингдек, «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ республика олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларга қишки таътил мобайнида маҳаллий йўналишдаги қатновлар учун чегирмалар эълон қилгани ҳақида хабар берган эдик.

 

Шунга мувофиқ, 2025 йил 18 декабрдан 2026 йил 12 январига қадар (шу куни ҳам) талабалар ва ўқувчилар учун 50 фоиз чегирма асосида йўл чипталари сотуви йўлга қўйилади.

 

Шу билан бирга, Ҳукуматнинг 2017 йил 15 мартдаги 140-сонли қарорига мувофиқ, 2025-2026-ўқув йилида умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари учун қишки таътил 28 декабрдан бошланади. Бошланғич 1-4-синфларда эса 27 декабрь — шанба кунидан.

 

Таътил 2026 йил 10 январгача (14 календарь кун) давом этади.

 

2026 йил 11 январь якшанба — дам олиш кунига тўғри келгани боис, III чорак дарслари 2026 йил 12 январдан бошланади.