2025 йил 17 декабрь куни «Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузурида Назарий физика институтини ташкил этиш тўғрисида»ги Ҳукуматнинг 795-сонли қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузурида Назарий физика институти ташкил этилади.
Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари этиб белгиланди, жумладан:
– назарий физиканинг квант майдон назарияси, субатом физикаси, ночизиқли физика, гравитацион майдон назарияси, квант тармоқлар ва динамик тизимларнинг муаммолари бўйича илмий анжуманлар ташкил этиш;
– олий таълим ташкилотларида иқтидорли талабалар ва магистрантларни илмий фаолиятга жалб этиш орқали юқори салоҳиятли ёш назариётчи физикларни тайёрлашда олий таълим ташкилотларига кўмаклашиш;
– физика соҳасида ривожланган мамлакатларда олиб борилаётган тадқиқотларнинг устувор йўналишлари ва истиқболлари тўғрисида таҳлилий маълумотлар тайёрлаш.
Институтга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
– бошқа илмий ташкилотлар, жамғармалар, ўқув муассасалари, шу жумладан, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан биргаликда илмий тадқиқотлар ўтказиш учун шартномалар тузиш;
– илмий тадқиқотлар соҳасида зарур ахборотларни, статистик, таҳлилий ва бошқа маълумотларни давлат органлари ва ташкилотларидан сўраш ва бепул олиш.
