2025 йил 17 декабрь куни Адлия вазирлиги Касбий таълим ташкилотларини комплекс давлат аккредитациясидан ўтказишда баҳолаш мезонлари бўйича индикаторларни 3726-рақам билан давлат рўйхатидан ўтказди.
«Таълим тўғрисида»ги Қонуннинг 58-моддасига кўра, профессионал (касбий) таълимни амалга оширувчи давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ва таълим дастурларига мувофиқлик жиҳатдан комплекс ва махсус давлат аккредитациясидан ўтказилади.
Мазкур идоравий ҳужжат билан 7 та йўналиш доирасидаги 37 та мезон бўйича касбий таълим ташкилотларини комплекс давлат аккредитациясидан ўтказишда фойдаланиладиган 203 та индикатор белгиланмоқда.
Унга кўра, 12 та (5.9 %) мажбурий индикаторлар (кутубхонада ўқувчилар контингентига мос ўқув адабиётларининг мавжудлиги, таълим дастурлари ва ўқувчилар контингентига мос бино (иншоотлар) билан таъминланганлик ва б.) ҳамда 191 та (94.1 %) умумий индикаторлар (ўқув хоналарининг ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштирилганлиги, педагог ва ўқувчиларни моддий ва маънавий рағбатлантириш чоралари кўрилганлиги ва б.) мавжуд бўлиб, «мувофиқ» ёки «мувофиқ эмас» тарзида баҳоланади.
Бунда:
Мажбурий индикатор «мувофиқ эмас» деб баҳоланса, умумий натижадан қатъи назар, мезон «мувофиқ эмас» деб топилади.
Аввалроқ, муҳокамалар порталида «Касбий таълим ташкилотларини комплекс давлат аккредитациясидан ўтказишда баҳолаш мезонлари бўйича индикаторларни тасдиқлаш ҳақида» қарор лойиҳаси эълон қилингани ҳақида хабар берган эдик.
