Россияда 31 нафар ўзбекистонлик талабага қўйилган жарима бекор қилинди

Россияда 31 нафар ўзбекистонлик талабага қўйилган жарима бекор қилинди

Омбудсманлар ҳамкорлиги натижасида Россиядаги 31 нафар ўзбекистонлик талабага нисбатан қўлланган маъмурий жазо бекор қилинган. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ахборот хизмати хабар берди.

 

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасида фуқаролар учун сайёр қабул ўтказилган. Қабул давомида Россиядаги «Иқтисод олий мактаби» миллий тадқиқот университети (НИУ ВШE)да таҳсил олаётган 31 нафар ўзбекистонлик талабанинг мурожаати ҳам қабул қилинган.

 

Маълум бўлишича, университет маъмурияти томонидан талабаларнинг миграция ҳисобига туриш узайтирилиши қоидалари тўғрисида ваколатли органларга ўз вақтида маълумот берилмаган. Оқибатда талабалар Россия ҳудудида 90 кундан ортиқ қолиб кетган ва миграция қоидалари бузилган деб баҳоланиб, талабаларнинг хабарига кўра, 40 минг рубль миқдорида жарима тўлаш талаб қилинган.

 

Ушбу ҳолат Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили томонидан назоратга олиниб, Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг Миграция хизмати билан ҳамкорликда текширув ўтказилган.

 

Ўрганиш натижаларига кўра, чет эллик талабаларнинг вақтинча туриш муддатларини узайтириш тўғрисида қарор қабул қилинган. Шунингдек, ҳудудий ички ишлар органларига ушбу талабаларга нисбатан жарима солиш ёки Россия Федерацияси ҳудудидан маъмурий чиқариб юбориш каби маъмурий жазо чораларини истисно тариқасида қўлламаслик бўйича кўрсатмалар берилган.

 

Шунингдек, ушбу иш ортидан Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Молдова ва Беларусь давлатларидан келиб таълим олаётган 200 дан ортиқ талабаларнинг ҳам муаммолари ижобий ечим топган.